Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Антибиотиклар бактерияларни бартараф этишда самарасизлашмоқда
14:53 / 2025-10-15

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботда антибиотиклар бактерияларга қарши курашда тобора самарасиз бўлиб бораётгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, дунё миқёсида инфекцияларнинг дори воситаларига чидамлилиги ҳар йили ўртача 5–15 фоизга ошиб боряпти. Бу антибактериал препаратларнинг ортиқча ва нотўғри қўлланилаётгани билан боғлиқ. 

Масалан, E.coli (Escherichia coli) бактерияларининг 40 фоизи, Klebsiella pneumoniae бактерияларининг эса 55 фоизидан ортиғи айни пайтда пешоб йўллари, қон ва овқат ҳазм қилиш тизими касалликларини даволашда кенг қўлланиладиган антибиотикларга чидамли.

Айрим инфекциялар эса ҳозирда мавжуд барча дори воситаларига фаол қаршилик кўрсата олади. Salmonella, олтин стафилококк ва E.coli бактериялари сабабли йилига миллионлаб одамлар ҳаётдан кўз юммоқда. 

ЖССТ вакили Силвия Бертанолионинг маълум қилишича, 2021 йилда антибиотикларга чидамли бактериялар туфайли қарийб 8 миллион одам вафот этган.

Шундан келиб чиқиб, ҳисоботда янги авлод антибиотикларини яратиш бўйича илмий тадқиқотларни жадаллаштириш лозимлиги айтилган. Ўз навбатида, бундай воситалардан фойдаланишни камайтириш зарур. Бу орқали бактериялар чидамлилиги ошишини секинлаштириш мумкин.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА