Антарктида цивилизациядан узоқ жойлашган. Шундай бўлса-да, қитъа музи эриши бутун дунёга таъсир қилади. Олимлар огоҳлантиришича, агар буғ гази атмосферага кўтарилиши кескин камайтирилмаса, эҳтимолий салбий ўзгариш “инсон тасаввурига сиғмайдиган” даражага етиши мумкин.
Масалан, “Newcastle” университети профессори Бетан Дэвис бошчилигида ўтказилган, “Frontiers in Environmental Science” журналида эълон қилинган тадқиқотда Антарктиданинг уч хил вазияти таснифланди: 1,8°C – паст эмиссия, 3,6°C – ўртача юқори ва 4,4°C – ўта инқирозли ҳолат.
Энг юқори эмиссия шароитида Жанубий океан тез қизийди. Иссиқ сув қуруқлик ва денгиз музини емириб, муз тоғлари қулаш хавфини оширади. Натижада денгиз сатҳи жуда тез кўтарилади. Ҳар бир сантиметр юқорилаган сув тахминан 6 миллион одамни соҳил тошқини хавфига дучор қилади. Океан музи 20 фоизгача қисқариши хавфи бор. Кит ва пингвинлар учун асосий озуқа ҳисобланган криль турларига қирон келиши мумкин.
Мутахассислар ер юзи бўйлаб фавқулодда ноқулай об-ҳаво кузатилиши ҳолати кескин кўпайишини ҳам таъкидламоқда. Зеро, сўнгги йиллардаги ҳалокатли тошқинлар, муссонлар ҳам айнан глобал исиш билан боғланмоқда.
Агар эмиссия кескин қисқартирилса, ўзгариш секинлашади. Қишки муз ҳажми ҳозирги даражага яқин сақланиши, денгиз сатҳи эса бор-йўғи бир неча миллиметр кўтарилиш билан чекланиши мумкин. Жуда кўп муз сақлаб қолинади.
Дэвис таъкидлашича, энг кучли хавф ўзгариш доимийлиги.
– Музликни қайта тиклаш ва йўқолган экология тизимини жонлантириш жуда қийин кечади, – дейди у. – Агар ҳозир чора кўрмасак, энг ёмон оқибатни набираларимиз кўради.
Умуман, Антарктида тақдири фақат муз тоғлари эмас,балки бутун сайёрамиз келажагини белгилаши мумкин экан.
Мусулмон Зиё, ЎзА