Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Антарктидадан 30 миллион йиллик дунё топилди
15:04 / 2025-06-14

Антарктидадан 30 миллион йиллик йўқолган дунё топилди. "Daily Mail" ёзишича, олимлар “вақт капсуласи” деб атаган бу жой сунъий йўлдош радари ёрдамида аниқланган энг сўнги кашфиёт сифатида баҳоланмоқда. Зеро, мутахассислар аҳолисиз қитъанинг шарқий қисмидаги муз қатлами остидаги 34 миллион йил давомида тегилмаган манзарани кўришга муваффақ бўлишди.

Ҳудудда 30 минг квадрат километрдан ортиқ майдонни эгаллаган яширин тоғ тизмалари, чуқур водийлар бор. Бундан ташқари геологлар, тузилишига асосланиб, ушбу манзил кенг дарёлар, зич ўрмонлардан ҳам иборатлигини аниқладилар. Айни хулосалар узоқ ўтмишда Антарктида субтропик ва ҳатто тропик иқлимга эга бўлганлиги тўғрисида мавжуд кўп йиллик тахминни яна бир бор тасдиқлайди.

Таъкидлаш жоиз, бу қадим "янги дунё" Ернинг геологик тарихига доир мавжуд шаклларга жуда мос келади. Амалдаги ғояга кўра, нисбатан яқин давргача Антарктида ва Жанубий Америка аввал бир бутун бўлган ва экваторга анча яқин жойлашган. Ҳатто, тахминан 550 миллион йил олдин Шарқий Антарктида экватор устида эди, деган версия ҳам мавжуд.

Ҳар ҳолда, ҳозирги хулоса музли қитъа атиги 30-40 миллион йил олдин ажралиб чиқиб, қуруқликнинг алоҳида бўлагига айланганига урғу беради. Шу қисм жанубга қараб ҳаракатланаркан, ўртада океан оқими ҳосил бўлиб, Антарктидани иқлимий жиҳатдан Жанубий Америкадан ажратиб қўйган. Яъни иссиқлик алмашинувини тўхтатган.

Шу билан бирга сайёрамизда ўсимликлар ҳаёти ривожланиши билан атмосферадаги кислород миқдори ортиб, ҳаво совуган. Антарктида муз қатлами шундай шакллана бошлаган ва ўсган. Геологлар тушунтирганидек, шу музлар қитъани асл кўринишида "сақлаб қолган" ва бу ҳолат Ернинг узоқ ўтмишига "етаклаш" учун ажойиб имконият яратади.

Эслатиб ўтамиз, бир неча йил олдин қадим Антарктика музидан қазиб олинган намуналарда иссиқ мамлакатларга хос ўсимликлар изи, жумладан пальма гули чанги музлаган ҳолда топилган эди.

Г.Сатторова, ЎзА