Жиззахнинг “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби Ўзбекистон чемпионати Суперлигасига тайёргарликни Туркиянинг Анталия шаҳрида давом эттирмоқда. Қишки йиғин доирасида ўтказилган илк учта назорат учрашуви жамоанинг ҳозирги ҳолати, камчиликлари ва салоҳияти ҳақида муайян тасаввур берди.
Жиззахликлар дастлабки баҳсда Сербиянинг “Спартак Суботица” клубига қарши майдонга тушиб, ёмғирли об-ҳавода кечган учрашувда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Натижа салбий бўлгани билан, ўйин давомида ҳужумдаги фаоллик ва янги футболчиларнинг ўзини кўрсатишга интилиши ижобий таассурот қолдирди.

Иккинчи назорат учрашувида “Сўғдиёна” Жанубий Кореянинг “Gongshon FC” жамоасига қарши баҳс олиб борди. Голлар қайд этилмаган бу ўйинда жиззахликлар асосан ўйин назорати ва жисмоний тайёргарликка эътибор қаратди. Мустаҳкам ҳимоя ва ўзаро тушуниш бор, аммо ҳужумда ҳали ечим талаб қиладиган жиҳатлар кўзга ташланди.

Учинчи баҳс эса жамоа учун анча ишонч бағишлади. Шимолий Македониянинг “FC Sileks” клубига қарши кечган учрашувда “Сўғдиёна” 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу натижа нафақат таблода, балки ўйин мазмунида ҳам жамоанинг ўсиб бораётганини кўрсатди. Ҳаракат, интизом ва жамоавийлик аввалги учрашувларга нисбатан анча яхшиланди.

Анталиядаги йиғинлар “Сўғдиёна” учун натижадан кўра, тўғри хулоса чиқариш босқичи экани яққол сезилмоқда. Бир мағлубият, бир дуранг ва бир ғалаба — бу рақамлар ортида жамоанинг изланиши, таркиб шаклланиши ва мавсум олдидан тўплаган керакли тажриба ётибди.
“Сўғдиёна” жамоаси Туркиядаги тайёргарлик йиғинларини 20 февралга қадар давом эттиришни режалаштирган. Демак, олдинда хатоларни тузатиш, ўйинни мукаммаллаштириш ва Суперлигада ишончли старт олиш учун имконият етарли.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири