Маълумки, Тошкент вилоятида барпо этилаётган Ўзбекистон терма жамоалари учун марказни халқаро стандартлар асосида бунёд этиш, жиҳозлаш ва фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида футболи ривожланган бир қатор давлатларнинг тажрибаси ўрганилмоқда.
ФИФА таклифига биноан Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислари дунёдаги энг машҳур футбол марказларидан бири бўлган “Clairefontaine”да бўлди.

Франциядаги мазкур футбол инфратузилмаси 62 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, унда 8 та майдон, футбол илмий-тадқиқот маркази, тиббий-реабилитация марказлари, йиғилиш хоналари, фитнес ва анжуманлар зали, миллий терма жамоалар учун ётоқхоналар мавжуд.
Бундан ташқари, бу ерда Франция миллий футбол академияси жойлашган бўлиб, маскан жаҳон футболига Тери Анри, Никола Анелка, Килиан Мбаппе сингари бир қанча юлдузларни етказиб берган.

ЎФА вакиллари Тошкент вилоятидаги базадан ўрин оладиган футбол мажмуаларни халқаро стандартларга мослаштириш бўйича керакли тавсиялар олди.
Терма жамоалар марказида жойлашиши кўзда тутилган машғулотлар зали, илмий-тадқиқот маркази, реабилитация маркази, машғулот майдонлари, ёпиқ спорт комплекси ва конференция хоналарини, футболчилар ётоқхонасини жиҳозлаш юзасидан Франция тажрибаси ўрганилди. Бир қанча лойиҳаларга қўшимчалар киритилиши белгиланди.
Т. Рўзиев, ЎзА