Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Aнқарадаги терактда 5 киши ҳалок бўлди
12:50 / 2024-10-24

Туркия пойтахти Aнқарадаги “TUSAS” мудофаа заводига уюштирилган террор ҳаракати оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани ва 14 киши жароҳатлангани маълум қилинди.

AзерТAЖ” хабарига кўра, мамлакат ички ишлар вазири Али Эрлиқоянинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида икки террорчи йўқ қилингани ҳақида хабар берилган. Вазир ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, ярадорлар тезроқ соғайишини тилаган.

Ҳодиса юзасидан вице-президент Жевдет Йилмаз ҳам баёнот бериб, корхонага уюштирилган маккорона ҳужумдан мақсад Туркия мудофаа саноати ютуқларини камситишга уриниш эканини таъкидлаган.

– Ишончим комилки, улар муваффақиятга эриша олмайдилар, – деди Йилмаз. – Ҳуқуқ-тартибот идоралари дастлабки дақиқалариданоқ вазиятга аралашган, Aнқара Бош прокуратураси жиноий иш очган. Терроризмга қарши кураш қатъий давом этади.

Эслатиб ўтамиз, кеча маҳаллий вақт билан соат 15.30 да Қаҳрамонқозон вилоятидаги заводга бир гуруҳ террорчилар ҳужум қилган. Портлашдан кейин кириш жойида отишма бошланган. Ходимлар зудлик билан компания ҳудудидаги бошпаналарга кўчирилиб, полиция корхонага олиб борувчи барча йўлларни тўсган. Оғир яраланганлар вертолётда шифохоналарга етказилган, қолганлар тез ёрдам машинасида яқин атрофдаги тиббиёт муассасаларига олиб борилган.

Адлия вазири Йилмаз Тунч пойтахтдаги терактни кескин қоралаб, қонли воқеани бир гуруҳ тажрибали мутахассислар тергов қилишини айтди.

Қайд этиш жоиз, учувчисиз бошқариладиган самолёт ва вертолётлар ишлаб чиқариладиган “TUSAS” ҳудудида бешинчи авлод турк ҳарбий учоғи – KAAN ҳам тайёрланмоқда. Қурилмаларнинг бир қисми мамлакат Қуролли Кучлари аксил террор амалиётида фойдаланилади.