Анқара шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон – Туркия бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда. Икки томон вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ишбилармон доира вакиллари иштирок этаётган анжуманда бир нечта мавзуларда панел сессиялар ўтказилмоқда.
Хусусан, “Давлат-хусусий шериклик: Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигининг янги истиқболлари” мавзусидаги сессияда 10 та салоҳиятли турк компанияси билан ҳамкорликда лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишда иштирок этиш учун англашув меморандуми имзоланиши кўзда тутилган. Мунозарада 2024-2025 йилларда эълон қилиниши кутилаётган тендерларга турк тадбиркорларини жалб қилиш учун тақдимот ҳам ўтказиляпти.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасидан маълум қилишларича, бизнес- форум доирасида “Ўзбекистон – Туркия ҳудудлараро ҳамкорлик” мавзусида панел сессия бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда Самарқанд, Тошкент, Хоразм ва Бухоро вилоятларида қишлоқ хўжалиги соҳасида янги қўшма лойиҳаларни шакллантириш масаласи муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, унда вилоятларнинг туристик салоҳиятини намойиш қилиш ва янги туристик инфратузилма лойиҳаларига туркиялик тадбиркорларни жалаб қилиш бўйича музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
Қайд этиш керак, куни кеча Истанбул шаҳрида ҳам Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамда Туркия қурилиш материаллари корхоналари уюшмаси ҳамкорлигида қурилиш материаллари бўйича Ўзбекистон – Туркия бизнес-форуми ташкил қилинди.
Бугунги кунда қурилиш материаллари соҳасида инвестиция дастури доирасида Туркия Республикаси билан ҳамкорликда қиймати 111,4 миллион доллар бўлган 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жорий йил январь-апрель ойларида эса Туркия давлатига 1,8 миллион долларлик экспорт амалга оширилган.
Ҳозирда республикамизда Туркия сармояси иштирокида 100 та корхона фаолият олиб бормоқда. Уларнинг экспорт қиймати 500 миллион долларни ташкил этади.
Туркияда Ўзбекистон тўқимачилик имкониятлари намойиши ҳам кенг тараққий этаётгани қувонарли. Жумладан, Ўзбекистон–Туркия тўқимачилик форумида юртимизда тўқимачилик экспорти 2026 йилда 6,3 миллиард долларга етказилиши таъкидланди. Мазкур форум орқали Ўзбекистоннинг тўқимачилик салоҳиятини кенг оммага намойиш этиш, унинг нуфузини ошириш ва экспорт ҳажмини янада кўпайтириш мақсад қилинган.
Маълумот ўрнида, бироздан сўнг Анқара шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида ташкил этилган “Invest in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмаси иш бошлайди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА