French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Анор уруғи ва пўстидан биологик фаол қўшимчалар
08:03 / 2026-01-22

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида фармацевтика саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар кўпайтириш ва маҳаллий бозорни таъминлаш даражасини 80 фоизга етказиш бўйича вазифалар белгилаб берилган.

Анор севиб истеъмол қилинади, халқ табобатида кенг қўлланилади. Унинг пўсти ҳамда уруғи косметик ва тиббий маҳсулотлар таркибига қўшилади. Вилоятимиз соҳибкорлари анор етиштиришда ҳам миришкор. “Қизил”, “қозоқи”, “оқ дона (туятиш)”, “аччиқдона”, “бедона”, “улфи, “боламурсал”, “пушти гулоша”, “ширин дона”, “қаюм” сингари навларининг довруғи етти иқлимга таралган. У энг фойдали мевалардан бири бўлиб, шарбатида инсон саломатлиги учун зарур бўлган витаминлар мавжуд. Шунингдек, простата саратони ҳужайралари тарқалишининг олдини олиш, диабетни камайтириш, юрак ва томирларни ҳимоя қилиш, қон босимини ушлаб туриш кучига эга. Ўсмага, антиоксидант ва вирусга қарши восита сифатида фойдаланилади.

Фарғона вилоятида 20 минг гектар майдонда анорзорлар барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. “Қува анори” агрофирмаси Қува тумани, Қувасой шаҳри ва Тошлоқ туманининг туташ ҳудудида ташкил этилган. Агрофирманинг умумий майдони 300 гектардан ортиқ.  

–Бу ерда анорнинг ўндан ортиқ турлари етиштирилади. Унинг серҳосил ва иқлим шароитига мос, чидамли, экспортбоп навлари парваришланади, чатиштириш йўли билан янги навларини яратиш устида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Фарғона давлат университетида соҳа учун мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган. Янги анорзорлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олимлар унинг пўсти ва уруғидан биологик фаол қўшимчалар олиш ва инсон саломатлиги йўлида фойдаланиш устида илмий изланишлар олиб бордилар, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими, Фарғона давлат университети фахрий профессори Мастурахон Сайфитдинова.

Анорни қайта ишлаш натижасида олинган чиқиндилардан турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари ва доривор воситалар тайёрлаш долзарб масалалардан бири эди.Бу борада Фарғона давлат университети олимлари ажойиб натижага эришдилар.

–“Қаюм” анорнинг минерал ва кимёвий таркиби, уруғи ёғининг биологик фаоллигини тадқиқ қилиш устида илмий иш олиб бордик. Натижада анор ёғи асосида табиий “Ал-қаюм” ва мева пўстлоғидан “Фито қаюм” деб номланган биологик фаол қўшимчалар яратилди. Уларни ишлаб чиқариш учун техник шартлар тасдиқланди.

“Фито қаюм” фаол антиоксидант сифатида иммунитетни мустаҳкамлашга, патогенлар ўсишининг олдини олиш, қондаги шакар ва холестерин меъёрини сақлаш, юрак мушаклари, қон томирлари деворларининг мустаҳкамлиги ва эластиклигини ошириш ҳамда қон айланишини яхшилашга ёрдам беради.

“Ал қаюм” биологик фаол қўшимча сифатида эркин радикаллардан ҳимоя қилади. Иммунитетни оширади ва сурункали яллиғланиш жараёнларининг олдини олади, қон томирларини мустаҳкамлаб, қон таъминотини яхшилайди. Суякларни мустаҳкамлайди, уларга куч-қувват беради,– дейди Фарғона давлат университети табиий фанлар факультети кимё кафедраси катта ўқитувчиси Ҳусниддин Саминов.

Табиат неъматлари ўзида яширган сир-синоатларни кашф этиш ва инсон саломатлиги йўлида фойдаланиш олимларимизнинг эзгу мақсадидир. Бу борада илмий кашфиётлар яратиш ишлари давом этмоқда.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА