French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Анор фестивали таассуротларга бой бўлди
18:55 / 2022-10-05

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида “Ўзбекистон анорчилар куни” республика фестивали бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз анор етиштирувчилари ва соҳа мутахассислари, Туркия, Озарбайжон, Жанубий Корея, Афғонистон, Украина, Тожикистон давлатлари вакиллари иштирок этди.

Европа Иттифоқи комиссияси, Жаҳон банки, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Анорчилар ассоциацияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестивални Бош вазир ўринбосари З. Маҳкамова очди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов фестиваль иштирокчиларини табриклаб, вилоятда анорчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А. Ҳаитов, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А.Тўраев, Ўзбекистон Анорчилар ассоциацияси раиси М. Сайфутдинова, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи И.Эргашев ва бошқалар мамлакатимизда анорчиликни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, жаҳон бозорида рақобатбардош анор етиштириш ва хорижга экспорт қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. 

Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда аграр соҳани юксалтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самарасини бермоқда. Жумладан, анор етиштириш ҳажми ортди. Боғбонларнинг мўл ҳосил етиштириб, яхши даромад топиши учун қулай муҳит яратилди. Бундай имконият йилдан-йилга камайиб бораётган анорчиликни қайта тиклашга катта қизиқиш уйғотди. Шунга мувофиқ тадбиркорлар ва фермерлар янги анор боғлари барпо этишни йўлга қўйди. 

Маълумотларга кўра, айни пайтда мамлакатимизда 16 минг гектар анорзор мавжуд бўлса, унинг 8 минг 652 гектари Сурхондарё вилоятига тўғри келмоқда. Воҳадаги анорзорларнинг 3 минг 787 гектари ҳосилли, 4 минг 865 гектари ёш боғлардир. Мавжуд анор боғларининг 7 минг 558 гектари фермер хўжаликларига, 1 минг 94 гектари деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқасига тегишли. Ўтган йили қарийб 25 минг тонна мева йиғиб олинган. Етиштирилган ҳосилнинг 4 минг 519 тоннаси ёки 2 миллион 171 минг долларлик анор дунёнинг ўнга яқин давлатига экспорт қилинган. 

Жорий йилда вилоятда 43 минг 367 тонна, Шеробод туманида 27 528 тонна анор йиғиб олиниб, “Мевалар султони”нинг 13 минг тоннаси чет элга экспорт қилинади. Бу маҳсулотнинг 8 минг тоннаси Шеробод туманидан хорижлик буюртмачиларига жўнатилади. Ўтган йили шерободликлар қарийб минг тонна ёки 474 минг долларлик анорни хорижлик буюртмачиларига етказиб берди. 

Сурхондарё турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун қулай иқлимга эга ҳудуд. Бу заминнинг қуёш нурига тўйинган сархил мевалари болдек ширинлиги, витаминларга бойлиги билан ажралиб туради. Шеробод тумани боғбонлари эса анор парваришлашнинг сир-асрорларини чуқур эгаллаган. Вилоятдаги анор боғларининг 5 минг 852 гектари айнан шу туманда экани, ўтган йили вилоятда йиғиб олинган анор мевасининг деярли 15 минг тоннаси шерободлик боғбонлар ҳиссасига тўғри келгани ҳам бунга яққол далилдир. Тумандаги боғларнинг 3 минг 475 гектари кейинги йилларда барпо этилган ёш анорзорлар экани ҳисобга олинса, яқин йилларда бу туман йиллик анор ишлаб чиқариш қувватини 100 минг тоннага етказиш имкониятига эга. 

Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, келгуси йил баҳорда воҳада яна 3 минг 114 гектар майдонда янги анор боғлари барпо этилади. Унинг ҳам 1 минг 655 гектари Шеробод туманида ташкил қилинади.

– Анорчилик қишлоқ хўжалигининг тугаб кетаётган тармоқларидан бирига айланган эди, – дейди Ўзбекистон Анорчилар ассоциацияси раиси Мастура Сайфитдинова.– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу соҳа қайта тикланмоқда. Юртимиз анорчиларининг бошини қовуштирган мазкур фестивални Шеробод туманида ўтказаётганимизда ҳам чуқур маъно бор. Туман боғбонлари анорчиликда етарли тажриба тўплаган. Иккинчидан, ҳудудда тармоқни янада юксалтириш учун етарли ер мавжуд. Фарғона водийсида эса аҳоли зич жойлашган. Учинчидан, фестиваль баҳонасида мамлакатимиз анор етиштирувчилари ва етакчи олимлар, соҳа мутахассислари, хорижлик экспертлар ўзаро тажриба алмашиш, замонавий инновацион ғояларни кенг жорий этиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу анорчиликда янги даврни бошлаб бермоқда. Анорчилик мактаби яратилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатимизда анорнинг 30 дан ортиқ тури етиштирилаётган бўлса, шерободлик боғбонлар минг дардга даво бўладиган бу меванинг “Гулоби”, “Қозоқи”, “Тошқўрғон”, “Гайзара”, “Қора дона” каби ўнга яқин ширин ва нордон, узоқ муддат сақланадиган ва серҳосил навларини парваришламоқда. Водийнинг “Қува” нави ҳам синовдан ўтказилиб, маҳаллий шароитда етиштириш йўлга қўйилмоқда. 

Фестиваль доирасида мамлакатимиз анор етиштирувчилари парваришлаётган табиий меванинг кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

– Кўргазма бизда бой таассурот қолдирди,– дейди Уруғчилик ассоциацияси эксперти Чихан Сезайдерли – Ранги тоза. Таъми ширин. Шерободда анорчилик бўйича бой тажриба тўпланганига гувоҳ бўлдик. Боғбонлар билан суҳбатлашдик. Ўзимизнинг таклиф ва тавсияларимизни ҳам билдирдик. Биз инновацион ғоялар асосида анорнинг янги-янги навларини яратмоқдамиз. Бу ерда фестиваль ўтказилишини эшитиб бу ютуқларимизни анор етиштирувчилар ва соҳа мутахассислари билан баҳам кўриш учун келдик. 

Тумандаги “Шеробод Анор Импекс” масъулияти чекланган жамияти ҳудудида бўлиб ўтган фестивалда “Ўзбекистонда анорчилик ва унинг истиқболлари” мавзуида семинар ўтказилди. Анжуманда олимлар, соҳа мутахассислари анор етиштирувчиларни юз бераётган янгиликлар ҳамда Ўзбекистонда анорчилик истиқболлари билан яқиндан таништирди. 

Иштирокчилар “Шеробод Анор Импекс” масъулияти чекланган жамиятининг қиймати 1 миллион долларлик анорнинг таъмини, рангини, оғирлиги ва анор пўстлоғининг қалин ёки юпқалигини аниқлайдиган ҳамда турларга ажратилгач, экспортбоп қилиб қадоқлайдиган, мевани қайта ишлаб, табиий шарбат ишлаб чиқарадиган замонавий корхонаси, “Ўзагролизинг” компаниясининг техникалар кўргазмаси билан танишди. Туман фермер хўжаликлари ва тадбиркорларнинг анор боғларини кўздан кечирди. 

“Энг мазали анор нави”, “Энг катта анор”, “Энг мазали анор шарбати”, “Энг чиройли тозаланган анор” каби номинациялар ғолиблари аниқланиб, фестиваль ташкилотчиларининг қимматбаҳо совғалари, диплом ва фестиваль статуэткалари билан тақдирланди. 

Санъаткорларнинг концерт дастури  тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири