Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Анор Фарғонанинг брендига айланмоқда
10:33 / 2022-10-05

Фарғона вилоятида анор боғлари майдони 2018 йилда 861 гектарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда 30 фоизга кўпайиб 1 минг 120 гектарга етди. 2022 йилда эса вилоятда анор боғлари 190 тадан, уларнинг умумий майдони 2 минг 500 гектардан ортди. Эътиборлиси, 155 та боғ ва 2 минг 100 гектардан зиёд анорзор майдони Қува туманида жойлашган.

2021 йилда 6 минг 500 тоннага яқин анор 12 та хорижий давлатларга экспорт қилинди. Жорий йилда эса Фарғонада 12 минг тоннадан зиёд анор йиғиштириб олиниши кўзда тутилган бўлиб, айни кунда экспорт жараёнлари авжида. Анор пишиб етилганидан сўнг ўтган қисқа давр мобайнида қиймати 1,4 миллион долларлик 1,5 минг тонна анор экспортга расмийлаштирилди.

Анор асосан Россия, Корея, Монголия, Қирғизистон ва Украинага экспорт қилинмоқда. Корея Республикасига анорлар авиарейс билан, қолган давлатларга эса юк автотранспорт воситаларида экспортга чиқарилмоқда. 

Вилоятда анор экспорти билан ҳозирда 70 га яқин тадбиркорлар шуғулланмоқда. Анор етиштириш нафақат Қува туманида, балки Қувасой шаҳри, Боғдод, Тошлоқ, Қўштепа, Риштон ва Ўзбекистон тумани каби бошқа ҳудудларда ҳам ривожланиб, йиғиб олинаётган ҳосиллар хорижда ўзига хос Фарғона брендига айланмоқда. Энг муҳими, ушбу йўналишда доимий ва мавсумий янги иш ўринлари кўпайиб, аҳоли даромад манбалари яратилмоқда.

 

М. Сулаймонов, 
ЎзА