Иқлим ўзгариши натижасида иссиқлик тўлқинлари эрта бошланиб, тез-тез содир бўлмоқда ва тобора кучайиб бормоқда.
Бу иссиқликни сақлаб турувчи парник газларининг рекорд даражадаги концентрацияси билан боғлиқ.
Бугун биз кузатаётган воқелик янада хавфли келажакдан нишонадир.
Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи томонидан 1,5 даражадаги глобал исишда ҳароратнинг кўтарилиши, иссиқ кунларнинг чўзилиши ва совуқ мавсумлар давомийлиги қисқаришини башорат қилинмоқда.
2 даражадаги глобал исишда экстремал ҳарорат қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳалари учун айниқса мушкул кечади.
БМТ га кўра, инсоният янги шароитларга, хусусан, метеорологлар ҳамда шифокорлар иштирокида жазирама тўғрисида эрта хабардор қилиш тизимини жорий этиши ва ундан ҳимоя қилиш бўйича режаларни ишлаб чиқишга мослашиши лозим.
Экстремал ҳарорат, айниқса аҳолининг ижтимоий заиф қатлами учун ниҳоятда хавфлидир. Юқори минимал тунги ҳарорат тана тикланишга муҳтож бўлганда, айниқса кўпчилик учун оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бу хавфга иссиқлик таъсир этиш даражасини оширувчи “иссиқ шаҳар ороли” деб номланувчи таъсир туфайли қишлоқ жойлари аҳолисига қараганда асосан шаҳар аҳолиси дучор бўлади.
Дунё мамлакатлари аномал иссиқлик билан қандай курашмоқда?
2003 йилда қарийб 15 минг киши ҳаётига зомин бўлган мисли кўрилмаган жазирамадан сўнг, Франция жазирамага тайёр давлатлардан бирига айланди. Унинг аномал иссиқликдан ҳимояланиш бўйича миллий режаси иссиқлик таъсирида ҳаётдан кўз юмганлар сонини 90 фоизга қисқартирди.
Ишончли эрта хабардор қилиш тизими режанинг энг муҳим қисмини ташкил этади. Ҳукумат аномал иссиқлик олдидан ўз фуқароларини яқинлашиб келаётган жазирама тўғрисида огоҳлантиради ва омон қолиш стратегияларини таклиф қилади.
Шу тариқа, аниқ маълумотларга асосланган эрта хабардор қилиш тизими аҳолининг тайёргарлик кўриш учун етарли вақтга эга бўлишини таъминлайди.
2013 йилда Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида мамлакатнинг қолган ҳудудлари учун намуна бўлиб хизмат қилган жазирама шароитидаги ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди. Режа эрта хабардор қилишнинг мукаммал тизимини жорий этиш, жазирама хавфлари тўғрисида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ва тиббиёт ходимларини жазирама билан боғлиқ касалликлар кўпайганда қандай ҳаракат қилиш кераклиги бўйича ўқитишни ўз ичига олади.
Энг муҳими, давлатлар иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш учун юксак даражадаги трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтириши лозим.
Гулруҳ Абдуллаева, ЎзА