Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон очиқ қуёш остида бир неча дақиқада ўзини ёмон ҳис қила бошлаши мумкин.
Ёзда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ҳам ўтади, чўл ва даштлардаги очиқ далаларда бу кўрсаткич яна 10-20 пунктга зиёдроқ ҳам бўлиши мумкин.
Жазирама иссиқнинг хавфи шундан иборатки, инсон тана ҳарорати 37.1 градусдан 38.8 градусга кўтарилиб, унинг саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин. Инсон тана ҳароратининг кўтарилиши тананинг қизаришига ва кучли чанқоққа олиб келади. Кейинчалик, ҳушдан кетиш, нафас қисиши ва юрак тўхташига олиб келиши мумкин.
Ёзнинг иссиқ кунларида соғлом инсон ўртача икки-уч литр суюқлик ичиши керак. Бундай об-ҳавода энг яхши ичимлик тоза сувдир. Бунда нафақат унинг миқдори, балки ҳарорати ҳам муҳим. Хусусан, 36-37 даражали оддий сув организмда метоболизм ва ичак фаолиятини яхшилаб, қондаги холестерин миқдорини пасайтиради ҳамда танадан токсинларни ҳайдайди.
Ёз фаслида куни билан сарф қилинган энергиянинг ўрнини озиқ-овқат билан тўлдириб турилмаса, меҳнат фаолияти сустлашиб бориши мумкин. Албатта, бундай шароитда тўғри овқатланиш нафақат танани иссиқдан совутишга, балки уни сув ва фойдали микроэлементлар билан тўйинтиришга ҳам катта ёрдам беради. Яъни, сувсизланиш, офтоб уриши ва бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олади.
Мутахассис Абдураҳмон Исмоиловнинг сўзларига кўра, таомномага ҳўл мевалар ва хом ҳолатдаги сабзавот ҳамда улардан тайёрланган салатларни киритиш лозим. Чунки бу маҳсулотларнинг кўпчилиги чанқоқни қондиради ҳамда организмни керакли минерал моддалар ва витаминлар билан тўйинтиради. Аномал иссиқда кунига 5 маҳал оз-оздан овқатланиш керак. Овқатлангандан сўнг, 30 дақиқа давомида сув ичиш мумкин эмас. Шунингдек, иссиқ овқатлар ўрнига окрошка ва совуқ сабзавотли шўрвалар каби совуқ овқатлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.
Организмга доимий оқсил моддалари зарур. Бунинг учун гўшт ва унинг ўрнини босувчи баъзи (дуккакли) маҳсулотларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Бироқ, қовурилган, ёғли маҳсулотларнинг ҳазм бўлиши анча қийин экани сабабли қайнатилган ва умуман енгил ҳазм бўладиган гўштли таомларни ейиш тавсия қилинади.
Ёзнинг иссиқ кунларида шўр балиқ, дудланган гўшт, консерва, тузли маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳамда пиво ва бошқа алкогол ичимликлар ичиш умуман тавсия этилмайди. Чунки улар чанқаш ҳолатини янада кучайтиради, қон босимини оширади ва юрак қон томирлар фаолиятига жиддий таъсир этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА