Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Анна ЖИРОЛЬ: ўзбек халқининг бой тарихи, бетакрор маданияти, анъана ва қадриятлари ҳақида ҳикоя қиламан
19:23 / 2019-08-27

Бу йил “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ёритишда юзлаб маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, таниқли блогерлар, инфлюенсерлар иштирок этмоқда.


Бу йил “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ёритишда юзлаб маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, таниқли блогерлар, инфлюенсерлар иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фестивалнинг тантанали очилиш маросимида улар билан суҳбатлашди. 

ЎзА мухбири тадбир иштирокчиси, инфлюенсер Анна ЖИРОЛнинг мамлакатимиз ҳақидаги таассуротлари билан қизиқди.

– Мен Украина пойтахти Киев шаҳрида туғилганман, аммо кўп йиллардан буён Италияда яшайман. Серқуёш Ўзбекистонга яна бир бор келиш бахтига муяссар бўлганимдан мамнунман. Ажойиб мамлакатингиз, кўнгли очиқ, меҳмондўст халқингиз ҳар қандай меҳмонни мафтун этади. Шунинг учун мен бу гал турмуш ўртоғимни ҳам олиб келдим.

Ўзбекистонга ҳар доим ўзгача иштиёқ билан келаман ва ҳар бир сафарим эсда қоларли бўлади. Мени тез-тез турли конгрессларга, блогерлар иштирокидаги тадбирларга таклиф этишади. Ҳар гал сафарим натижасида ижобий контентлар яратаман. Дунё сайёҳлари албатта кўриши лозим бўлган чиройли жойлар, ўзбек халқининг бой тарихи, бетакрор маданияти, анъана ва қадриятлари ҳақида ҳикоя қиламан.

Ўзбекистонлик дўстларим билан яна бир қувончли воқеани ўртоқлашмоқчи эдим. Яқинда жаҳоннинг энг яхши блогери, энг яхши маслаҳатчиси, деб тан олиндим. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларим орқали қандай яшаш, қай тарзда мунтазам ҳаётдан завқ олиш бўйича берган маслаҳатларим туфайли шундай эътирофга сазовор бўлдим.

Ўқувчиларимга албатта Ўзбекистонни келиб кўришни маслаҳат бераман. Зеро, юртингиз кўрмаган одам тасаввур қила олмайдиган даражада гўзал ва мафтункор. Ўзига хос шарқона ва замонавий меъморий услубларга эга, серқуёш ва ям-яшил ўлка.

Мен Ўзбекистонда ҳаётимдаги энг чиройли расмга тушмоқчиман ва миллионта лайк йиғмоқчиман. Ҳозирча обуначиларим сони 800 мингдан ошган. Мана шундай ажойиб, сайёҳлар учун кўп қулайликлар яратилган мамлакатдаги завқли таассуротларим туфайли миллионта обуначига эга бўлсам ҳеч гап эмас.