Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда мамлакатимизда йирик анжуман – Ўзбекистон-Италия таълим форуми бўлиб ўтмоқда.
Илк бор ўтказилаётган мазкур тадбирда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этмоқда. Шунингдек, Италиянинг энг нуфузли университетларидан 25 нафар ректор ташриф буюрган.
Италия университетлар ва тадқиқот вазири Анна Мария Бернини форум ҳақида шундай дейди:
- Ушбу йиғин янги имкониятларни ўрганиш ва ўзаро манфаатли маданиятларни ривожлантириш учун ноёб платформа вазифасини бажармоқда. Умид қиламанки, мазкур форум Италия ва Ўзбекистон университетлари ўртасидаги янги ҳамкорликка асос солади. Тадбир давомида имзоланган шартнома ва меморандумлар мамлакатларимиз ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Шу ўринда эътироф этиш керак, Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, бугунги ривожланиш даври билан дунёга машҳур бўлиб бормоқда. Қадимдан бу диёр илм-фан, тиббиёт, санъат ва маданият маркази бўлиб, жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган. Мамлакатларимиз ўртасида ҳам чуқур тарихий ришталар мавжуд. Бу форум орқали биз академик мобиллик, инновациялар ва тадбиркорликни рағбатлантириш бўйича илғор тажриба ва стратегияларни алмашиш каби муҳим мавзуларни муҳокама қилиш имконига эга бўлдик.
Фурсатдан фойдаланиб, форумга ҳисса қўшган, шунингдек, Италия – Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлида тинимсиз меҳнат қилган барчага самимий миннатдорчилигимни билдираман.
Гўзал Сатторова, ЎзА