Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Anji Play” методикаси асосида ташкил этилаётган ҳамкорлик лойиҳасининг очилиш маросими ва тақдимоти ўтказилди
10:48 / 2026-02-20

Бу масканда қор бўлмаса ҳам майсазорли тепаликдан чанада пастга шўнғиш, истаганча велосипедда, арғимчоқларда учиш, деворга турфа расмлар чизиш, ҳар хил деталлардан қурилмалар ясаш, чолғуларда куй ижро этиш, ҳатто мўъжазгина зиплайнда мароқли саёҳат қилиш мумкин.

ОАВ вакиллари Тошкент туманидаги 12-давлат мактабгача таълим ташкилотида Хитойнинг “Anji Play” методикаси асосида амалга оширилаётган грант лойиҳасининг биринчи (пилот) босқичи доирасида болажонлар учун турли қизиқарли ва завқли ўйинлар воситасида мустақил фикрлашга йўналтирилган таълим-тарбия методикаси билан танишиш имконига эга бўлди.  

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мазкур янгича маърифий методиканинг тақдимоти муносабати билан ташкил  этилган ушбу тадбирга таълим, маънавият, медиа соҳаси вакиллари таклиф этилди.  

Тақдимот тадбирида мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси масъуллари ва мактабгача таълим ташкилоти жамоаси иштирок этди.  

Тақдимот давомида “Anji Play” методикасининг мазмун-моҳияти, уни жорий этишнинг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, лойиҳанинг тажриба-синов босқичи доирасида белгиланган вазифалар ва кейинги қадамлар ҳақида сўз юритилди. 

Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда илк бор тажриба-синов тарзида грант асосида амалга оширилмоқда.  

Лойиҳанинг асосий мақсади болаларнинг эркин ўйин орқали ижодкорлик, мустақил фикрлаш ва ташаббускорлик қобилиятларини ривожлантириш ҳамда мактабгача таълим тизимига замонавий педагогик ёндашувларни босқичма-босқич жорий этишдан иборат.

Ушбу грант лойиҳаси Хитойнинг “Anji Play” тадқиқот маркази билан биргаликда амалга оширилмоқда. Бу йўналишда 2025 йилнинг август ойида Вазирлик ва хорижий ҳамкорлар ўртасида Англашув меморандуми имзоланган эди.

2025 йил октябрь – 2026 йил январь ойларида танлаб олинган мактабгача таълим ташкилоти ходимлари учун “Anji Play” методикасини қўллаш бўйича онлайн тренинглар ҳам ўтказилган.

[gallery-27760]

– Мамлакатимиздаги мактабгача таълим ташкилотларида ўйинга асосланган таълимга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Дониёр Абдумуталов. – Шунга кўра, Хитойнинг "Anji Play" методикаси мазкур мактабгача таълим ташкилотига жорий этилмоқда. Шу мақсадда боғчага 500 дан ортиқ турли ускуна келтирилган бўлиб, уларнинг ҳар бири болалардаги турли ижодий хусусиятлар, тафаккур салоҳияти, эркин фикрлаш каби жиҳатларни ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли. Бу жиҳозлардан очиқ табиат қўйнида бемалол фойдаланиш мумкин. Келгусида бошқа мактабгача таълим масканларига ҳам ушбу методикани жорий этиш кўзда тутилган. Айни пайтда тарбиячиларнинг ҳам ушбу методика юзасидан малакасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.  

–Ушбу боғча 1967 йилда қурилган бўлиб, 2019 йилда капитал реконструкция қилинган, – деди Тошкент туманидаги 12-ДМТТ мудираси Шаҳноза Даминова. – Боғчага 700 нафарга яқин бола қамраб олинган. Машғулотлар ўйин тарзида ташкил этилгани уларнинг билим олишга бўлган иштиёқини тобора кучайтирмоқда. Шуниси билан эътиборлики, болалар ўйин воситасида турли ҳаётий муаммоли вазиятлардан ўзлари мустақил чиқишни ўрганади. Уларда табиат, физик ҳодисалар моҳиятини англаш кўникмаси шакллантирилади. Айни пайтда ўйин воситасида болаларга таълим бериш бўйича педагог кадрлар малакасини ошириш юзасидан ҳам тегишли ишлар олиб борилмоқда.  

Назокат Усмонова,

Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари