Андижон вилояти Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида монополияга қарши курашиш, шаффофликни таъминлаш, эркин рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Анжуманда бошқарма бошлиғи ўринбосари Икромжон Тўрабоев жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
– Ўтган давр давомида товар ёки молия бозорларида устун мавқени эгаллаб турган давлат реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, кўрсатиладиган хизматлар бўйича тузилган 120 дан ортиқ шартнома ўрганиб чиқилди, – дейди Андижон вилояти Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари И. Тўрабоев. – Вилоятда товар ва молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 6 турдаги маҳсулот етказиб бериш, иш ва хизматлар кўрсатиш бўйича белгиланган тартибларга тўла риоя этилганлиги маълум бўлди. Табиий монополия субъектларини тартибга солиш соҳасида 8 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар ўрганилганда қонунчилик ҳамда қонуности ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳолатлари аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича бошқарманинг “Махсус комиссияси” томонидан тадбиркорлик субъектлари фойдасига жами 1177,1 миллион сўм миқдоридаги маблағни қайтариш чоралари кўрилди.
[gallery-9487]
Шунингдек, анжуманда хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш, қўшиб олиш, устав фондидаги улушларни ва бошқа мулкий ҳуқуқларини олишга доир битимларни тузиш, ноҳалол рақобат ҳолатларининг олдини олиш, биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар савдолари мониторинги ва назорати ҳамда уларнинг маҳсулот турларини кенгайтириш, давлат харидлари ва бошқа савдоларда рақобатни таъминлаш соҳаларида олиб борилган ишлар бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Масалан, биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар савдолари мониторинги ва назорати ҳамда уларнинг маҳсулот турларини кенгайтириш йўналишида вилоятда фаолият кўрсатаётган пахтачилик кластерлари, дон ҳамда ёғ-мой корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши бўйича 10 ҳолатда қонунчилик талабларининг бузилиши аниқланиб, ушбу ҳолатлар белгиланган тартиблар асосида кўриб чиқилди. Натижада бошқарманинг “Махсус комиссияси” томонидан жами 1348,7 миллион сўм миқдордаги маблағни Қўмитанинг махсус жамғармасига ундириш юзасидан қарор қабул қилинди.
Бошқарма мутахассислари томонидан қонун ҳужжатлари ва давлат органлари қарорларининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш соҳасида ҳам ўрганишлар олиб борилди. Жумладан, “Ex-ante” усули бўйича рақобатга таъсирини баҳолаш бўйича шаҳар ва туман ҳокимликларининг regulation.gov.uz сайтига жойлаштирилган 202 та қарор лойиҳалари, “Ex-post” усули бўйича рақобатга таъсирини баҳолаш бўйича жами 16 минг 386 та ҳужжати ўрганилди, инвентаризациядан ўтказилди. Ўрганишлар давомида туман, шаҳар ҳокимликларининг 10 та ҳужжатида қонун бузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди ва улар тегишли тартибда бартараф этилди.
Анжуманда ҳудудий бошқармага жисмоний ва юридик шахслар томонидан жами 773 та мурожаатлар келиб тушганлиги, шундан 275 таси қаноатлантирилганлиги, 189 тасига тушунтириш берилганлиги, 35 таси кўриб чиқиш учун тегишли идора ва ташкилотларга юборилганлиги айтиб ўтилди. Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш соҳасида амалга оширилган ишлар бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА