Божхона қўмитаси мутасаддилари томонидан ҳудудий бошқармалар фаолиятини ўрганишга қаратилган навбатдаги сайёр тадбир Бухоро вилояти божхона бошқармасида бўлиб ўтди.
Унда Божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Р. Қобулов бошчилигидаги ишчи гуруҳ дастлаб “Олот” чегара божхона постида бўлди. Пост фаолияти ва божхона назорат зоналарининг белгиланган стандарт талабларга жавоб бериши юзасидан ўрганишлар олиб борилди.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳ вакиллари “Бухоро” ТИФ божхона постида бўлиб, бу ерда хизмат қилиб келаётган ходимлар билан мулоқотда бўлди.
Сайёр ўрганишлар давомида ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида самарали ишлаш механизмини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ўрганилди. Муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр алмашилди.
Сайёр тартибда ўрганиш ишлари “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида ҳам ташкил этилди. Ходимларнинг касбий маҳоратини ўрганиш баробарида мавжуд божхона постлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тингланди.
Божхона органи мутасаддиларининг сайёр тартибдаги ўрганишлари доирасида Бухоро шаҳрида жойлашган “ZARHAL GROUP” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишиш асносида тадбиркорни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш ва уни ўз ўрнида бартараф этиш чораларини кўриш мақсад қилинди.
Маълумот учун, асосан ип-газлама ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ZARHAL GROUP” МЧЖ бугунги кунда 200 нафар ишчи ўрнига эга. Жорий йил бошидан буён 1,2 миллион доллар қийматдаги 353 тонна маҳсулотларни Россия, Озарбайжон ва Польша давлатларига экспорт қилди.
Корхона масъуллари билан бўлган суҳбатда божхона органи мутасаддилари томонидан тадбиркорлик субъектларининг экспорт ва импорт жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни қонуний ҳал этиши юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Зариф Комилов,
ЎзА