Янги Ўзбекистонда янгиланаётган метрология
Республикада ўлчаш техникаси миқдори ва янги турларининг кўпайиш тенденциясини ҳисобга олган ҳолда, метрологик фаолият ва унинг инфратузилмасининг такомиллашиши доимий равишда Ўзбекистондаги иқтисодий ўзгаришларга ва маҳаллий ишлаб чиқариш, айниқса, йирик ва кичик бизнес корхоналарини ва хусусий тадбиркорликни энг қулай ривожлантириш шароитларига мос бўлиши керак.
Барчамизга маълумки, иқтисодиётнинг турли тармоқларда қўлланадиган ўлчаш натижаларини аниқлиги, холислиги, ишончлилиги ва солиштирувчанлигини таъминламасдан, қайд этилган мақсадларга эришиб бўлмайди.
Мисол учун, нефть ва нефть маҳсулотларини қазиб олиш, бирламчи қайта ишлаш, ташиш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнларидаги ўлчашларни олсак, тижорат ҳисоб-китоблари маҳсулотнинг турли кўрсаткичлари (сарф, ҳажм, оғирлик, зичлик, қовушқоқлик, ҳарорат, суюқлик, минерал тузлар ва механик аралашмалар миқдори ва бошқалар) бўйича ўлчаш воситаларининг натижалари асосида амалга оширилади. Ушбу ўлчашлардаги хатолар ялпи маҳсулотнинг салмоқли қисми тижорат ҳисобидан тушиб кетишига олиб келади.
Нефть ва нефть маҳсулотларининг оғирлигини ўлчашда хатолик 0,35-0,5% ни ташкил қилишини тахмин қилсак, нефтни кондан сотишгача бўлган даврда тижорат ҳисоби қайта-қайта (20 мартагача) амалга оширилганлиги сабабли, бутун ишлаб чиқариш-сотиш цикли давомидаги нефть миқдорини ҳисобга олишда умумий хатолик тахминан (2-3)% ни ташкил қилиши мумкин.

2017 йилга қадар метрология соҳасига институционал ёндошув бўлмаганлиги, миллий эталонлар базасининг ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмаганлиги сабабли, республикада атиги 9 та миллий эталон ва 151 та юқори аниқликдаги намунавий ўлчаш воситалари (ишчи эталонлар) мавжуд бўлган холос.
Ўлчаш воситаларини калибрлаш лабораториялари ташкил этилмаганлиги сабабли калибрлаш хизматининг улуши жами ишлар ҳажмига нисбатан 0,01 фоизни, ишлаб чиқилган (янги ўзлаштирилган) калибрлаш усулларининг сони эса 21 тани ташкил этган.
Калибрлаш хизматини ривожлантирилмаганлиги натижасида йирик саноат корхоналари томонидан йилига 1 843 дона ўлчаш воситалари хорижий метрологик ташкилотларда калибровкадан ўтказилиб, ўртача 1,5 млн. доллар валюта маблағларини сарфланишига йўл қўйилган.
Сўнгги 3 йилда ҳукуматимиз қолаверса, шахсан Президентимизнинг Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига эътибори ва тўғридан-тўғри қўллаб қувватлаши натижасида метрология соҳасида аввало норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, метрологик таъминотни амалга ошириш, моддий-техника базани мустаҳкамлаш, малакали кадрларни тайёрлаш ва халқаро муносабатларда фаол иштирок этиш борасида 2017-2021 йилларда «Метрология тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республкаси Президентининг 2 та Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори ва 2 та идоравий ҳужжатлар қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунгача метрология йўналиши бўйича қонуний-ҳуқуқий базани такомиллаштириш натижасида «Метрология тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрири қабул қилинди.
Бу эса ўз навбатида, метрологик инфратузилмани ривожлантириш, халқаро муносабатларни амалга ошириш, хорижий давлатларнинг миллий метрология институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, лабораторияларнинг моддий техник базасини ривожлантириш, хусусий секторнинг метрологик хизматлардаги улушини ошириш ва энг муҳими ходимларнинг малакаси ҳамда илмий, касбий кўникмаларини оширишга замин яратди.
Соҳада аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни изчил амалга ошириш ҳамда корпоратив бошқарувнинг замонавий институционал усулларини жорий этиш мақсадида Давлат раҳбарининг тегишли қарорлари асосида 2017 йилда Ўзбекистон миллий метрология институти ҳамда 2020 йилда унинг 16 та ҳудудий филиаллари ташкил этилди.
Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш, филиалларни ташкил этиш, уларнинг фаолиятини тубдан ўзгартириш, ходимлар малакасини ошириш, жойларда саноат эҳтиёжларини ўрганиш натижасида янги лабораторияларни ташкил этиш, ўлчаш моддий техника базасини янгилаш, халқаро даражада эътироф этишда янги йўналишларни ўзлаштириш, хизмат кўрсатиш жараёнига ахборот технология тизимларини жорий қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан:
- Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси (БИПМ)га Ўзбекистон Республикаси ассоциялашган аъзо мақоми олинди ва Миллий ўлчаш эталонлари ҳамда миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг ўзаро эътироф этилиши тўғрисида келишув (CИПМ МРА) имзоланди;
- 2019-2023 йиллар даври учун ўлчашлар бирлигини таъминлаш миллий тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди;
- тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига ўрнатилган тартибда божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида мувофиқлик сертификатини олиш шарти билан расмийлаштириш, шунингдек, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига берилган хорижий давлатлар метрология органларининг калибрлаш (ёки қиёслаш) сертификатлари бир кун муддатда тан олиш тартиби жорий этилди;
- 2020 йилга қадар, республика бўйича метрологик хизмат кўрсатиладиган 15 дан ортиқ турдаги ўлчаш воситаларининг қиёслашдан ўтказиш нархлари вилоятларда турлича бўлиб, тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. 2020 йилдан Республика бўйича метрологик хизмат кўрсатиш нархлари қайта кўриб чиқилиб, бирхиллаштирилди.
- Сўнгги 3 йил ичида соҳага 20 дан ортиқ халқаро экспертлар жалб этилди.
60 нафардан зиёд метролог-мутахассислар хорижий давлатлари бўлган Германия, Туркия, Россия, Хитой ва бошқаларнинг илғор метрология институтларида малака оширишди.
Давлат раҳбарининг тизимга бўлган бевосита эътибори натижасида, умумий қиймати 30 млн доллар бўлган 61 дона эталонларни харид қилиш ва миллий эталонлар базасини 90 тага етказиш бўйича давлат дастури тасдиқланди. Мазкур дастурга асосан 2021 йилда 12,6 млрд. сўмлик жами 4 та эталонлар (Келвин – ҳарорат бирлиги, ёруғлик кучи, сарф ўлчагич ускунаси ҳамда Паскал – товуш босими бирлиги) келтирилиб, миллий эталонлар базаси 22 тага етказилди.

Миллий эталонлар базасини кенгайтириш жами республика саноат тармоқларидаги 20 563 дона юқори аниқликдаги ўлчаш воситаларини метрологик кузатилувчанлигини таъминлашга замин яратади.
Харид қилинадиган эталонларни жойлаштириш ва сақлаш учун инфратузилма яратиш мақсадида, майдони 600 кв.м бўлган халқаро талабларга жавоб берадиган махсус лаборатория биноси - Эталон паркни қуриш ҳамда майдони 2000 кв.м бўлган 6 қаватли эталонлар биносини капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон миллий метрология институти ва унинг ҳудудий филиаллари ўлчаш лабораторияларининг моддий техник базасини янада такомиллаштириш мақсадида 13 млрд. сўмлик жами 172 та (шундан 93 таси ҳудудий филиалларга) юқори аниқликдаги ўлчаш воситалари харид қилинди ҳамда лабораторияларга ўрнатилди.
Таққослаш учун, 2019 йилда ҳудуди метрология лабораторияларга 0,67 млрд.сўм қийматли жами 5 дона ўлчаш воситалар ва ускуналар харид қилинган холос.
Ҳудудлардаги мавжуд метрология инфратузилмасини халқаро талабларга мувофиқ уйғунлаштириш мақсадида Чирчиқ, Сирдарё, Сурхондарё вилоятларидаги 3 та филиалларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Институтнинг масса, босим ва ҳарорат ўлчаш турлари бўйича калибрлаш лабораториялари Туркиянинг аккредитация агентлиги (ТУРКАК) томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди ҳамда айни пайтда 16 та давлатлараро солитиришларида (CООМEТ) иштирок этилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керак-ки, хизматлар экспортини йўлга қўйиш бўйича Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва савдо инспекцияси агентлигига (Тожикстандарт) тегишли бўлган жами 27 та (25 та тарози тошлари ҳамда 2 та термометр) юқори аниқликдаги ўлчаш воситалари институт томонидан калибрланди. Ҳозирда бундай ҳамкорликдаги ишлар Қирғизистон ва Туркманистондаги ҳамкасблар билан ҳам амалга оширилмоқда.
Соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан:
Йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишнинг самарали механизмлари жорий этилиб, фото-видео радар ускуналарининг метрологик назоратни таъминлаш учун Германиянинг «ЖEНОПТИК Робот ГмбҲ» компанияси билан ҳамкорликда қиймати 93 минг Евро бўлган «Автотранспорт воситаларини ҳаракат тезлигини ўлчаш воситаларини қиёслаш ва калибрлаш» лабораторияси ташкил этилди.

Бундан ташқари Ўзбекистонда ҳозирга қадар қиёсланмаётган 150 дан ортиқ гамма нурланишлар манбалари ва 25 дан ортиқ рентген нурланишли ўлчаш воситаларининг метрологик назоратини таъминлаш бўйича Халқаро атом энергетикаси агентлиги (МАГАТE) ёрдамида амалга оширилаётган қиймати 617,3 минг долл. бўлган «Ионлаштирувчи ва рентген нурланиш соҳасидаги иккиламчи эталонлар махсус дозиметрик лабораторияси»ни яратиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Саноат корхоналарига метрологик хизматлар кўрсатишда қулай шароит яратиш, уларнинг вақт ва маблағларини тежаш ҳамда ривожланган хорижий метрология институтлари тажрибасини жорий этиш мақсадида, тиббиёт ва энергетика соҳаларида қўлланиладиган 3 та (Тошкент – 2 та, Сирдарё филлиали – 1 та) махсус мобил лаборатория ишга туширилиб, логистика хизматларига ихтисослашган 6 та филиалларга автотранспорт воситалари харид қилинди.
Инновацион ҳамкорликни йўлга қўйиш, мустақил изланувчилар ва иқтидорли талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда илмий-техник фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида 5 та метрология соҳасидаги илмий техник лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан берилган таклифга асосан янги 2021 йил ўқув йилидан бошлаб Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида "Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти" йўналиши (тармоқлар бўйича) ташкил этилди.
Шу ўринда метрология хизматларини кўрсатишда шаффоф тизим яратиш бўйича ҳам бир қатор ислоҳотлар олиб борилаётганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Сир эмаски ҳозирги даврда жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий тараққиётига, мамлакатимизда бизнес ривожи, мамлакат иқтисодиётига жиддий тўсиқ бўлаётган коррупция каби иллатга қарши муросасиз кураш олиб бориш ҳар бир виждонли шахснинг бурчи ҳисобланади.
Маълумки, 2020 йилга қадар маиший (газ, электр, совуқ ва иссиқ сув) ҳисоблагичларни даврий давлат қиёсловидан ўтказиш ишлари аксарият ҳолларда истеъмолчи томонидан амалга ошириб келинганлиги сабабли, аҳоли ўртасида эътирозларнинг кескин ортиб бориши ҳамда кўрсатилаётган метрологик хизмат нархлари, муддатлари бўйича ягона ва шаффоф тизим яратилмаганлигини кўрсатди.
Юқоридаги каби салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида, аввало метрология соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, метрологик таъминотда шаффоф тизимни яратиш ва моддий-техника базани мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар бажарилди. Бу ҳаракатлар натижасида, ҳукуматнинг тегишли қарорлари метрологик хизматлар кўрсатиш тизимига шаффофлик киритилиб, аҳоли ва тадбиркорларга бир қатор қулайликлар яратилди.
Жумладан, фуқаролар томонидан 5 та идораларга (энергия таъминотга икки маротаба, МИБ, таъмирлаш корхонаси, қиёслаш лабораторияси) қатнови бекор қилиниб, бир марта Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки давлат хизматлари марказига мурожаати йўлга қўйилди.
Шунингдек, фойдаланиладиган маиший ҳисоблагичларнинг қиёслашлараро муддатлари икки бараварга узайтирилди.
Шу билан бир қаторда ўлчаш воситаларини давлат синовларидан, метрологик аттестациядан, қиёслашдан ва калибрлашдан ўтказишда халқаро тавсияларга асосланган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан метрологик хизматларни амалга ошириш бўйича 5 та қоидалар тасдиқланиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қуйидаги имкониятлар яратилди:
- ариза бериш, шартнома расмийлаштириш жараёнлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, масофадан туриб мурожаат қилиш тизими йўлга қўйилиб 88 796 та аризага асосан 537 576 та ўлчаш воситалари метрологик текширувдан ўтказилди;
- тадбиркорларга хизмат кўрсатиш муддати 2-2,5 баробарга, ариза берувчи томонидан 9 турдаги ҳужжатларни тақдим этиш бекор қилиниб, тақдим этиладиган ҳужжатлар 11 тадан 2 тагача қисқартирилди;
- маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулоти нархига таъсир қилувчи харажатларни қисқартириш мақсадида, ўлчаш воситаларининг турини тасдиқлаш тўғрисидаги сертификат муддати 1 йилдан 5 йилга узайтирилди;
Институт томонидан кўрсатилаётган метрологик хизматларни автоматлаштириш ва соҳага АКТни жорий қилиш мақсадида, «Е-Метрология» ахборот тизими ишлаб чиқилди (э-метрология.уз) ҳамда жорий йил 1 июлдан ишга туширилиб, қисқа муддат ичида мазкур тизим орқали 7 мингдан ортиқ аризаларга асосан метрологик хизматлар кўрсатилди. Самарада мазкур ахборот тизими билан метрологик хизматларни кўрсатиш тўлиқ автоматлаштирилди, ўлчаш воситалари учун расмийлаштирилган гувоҳнома (сертификат) ва хабарномалар электрон шаклда махсус ҳимояланган ҚР-код билан электрон шаклда расмийлаштириш тўлиқ йўлга қўйилди.
Бундан кўриниб турибдики, метрология хизматларини кўрсатиш жараёнларида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини таъминловчи ҳамда уларга сифатли метрологик хизмат кўрсатишни таъминловчи барқарор шаффоф тизим жорий этилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, ўлчаш натижаларини халқаро даражада тан олинишини таъминлаш, хизматлар турини кенгайтириш орқали ўлчаш воситаларини метрологик текширувини тўлиқ қамраб олиш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини кафолатлайдиган замонавий юқори аниқликдаги ўлчаш (синаш) воситалари билан жиҳозланган лабораторияларни ташкил этиш энг устувор вазифа этиб белгиланган ва ушбу вазифани қисқа муддатларда бажарилиши юзасидан барча амалий тадбирларни амалга оширилиши таъминланмоқда.
Лазизбек Саидорипов,
Ўзбекистон миллий метрология
институти директори