Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аниматорларнинг янги лойиҳалари: “Ширoқ”дан "Қўзичoқ ва Тoйчoқгача"...
19:39 / 2026-01-05

Пойтахтимиздаги “Ренессанс кинo уйи”да болажонлар учун Янги йил туҳфаси – миллий руҳдаги янги анимацион фильмларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот тадбирида  Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон анимация студиялари ассоциацияси раҳбари Абдулатиф Ҳайдаров, янги мультфильмлар ижодий ғояси муаллифи, продюсер, сценарий ва қўшиқлар муаллифи Гулчеҳра бегим Маҳмудова  мамлакатимизда болалар учун миллий контент яратиш масаласига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

– 2025 йил якунида ўзбек аниматорлари томонидан кўплаб анимацион фильмлар тақдим этилди, – деди Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев. – Зеро,болаларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда миллий анимацион фильмларнинг аҳамияти катта. Хусусан, “Буюк боболарим  болалиги” туркум фильмлар тақдимоти бўлди. Шу билан бирга Болалар контентини ривожлантириш маркази буюртмаси асосида “Lola Animation” студиясида “Сеҳрландия” анимацион фильми яратилди. Бугунги янги  фильмлар тақдимоти ҳам бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.  

– Ассоциация таркибида бир қатор ижодий жамоалар Янги йилга болажонлар учун туҳфа сифатида кўплаб янги мультфильмларни яратдилар, – деди Ўзбекистон анимация студиялари ассоциацияси раҳбари Абдулатиф Ҳайдаров. – Тақдимоти ўтказилтган 7 та анимацион мультфильмнинг ҳар бири алоҳида жамоага тегишлидир. Шулардан, “Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат” туркумида умумий 24 та фильм ишлаш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда уларнинг тўрттаси ишланди. Фильмларнинг ҳар бири 10-15 дақиқадан иборат. Бундан ташқари болаларда экологик маданиятни юксалтириш мақсадида 7 қисмдан иборат  анимацион фильмлар ишланди. “Қўзичоқ ва тойчоқ”, “Темурнинг болалиги”, “Ақлли қизалоқ”, “Чумчуқвой ва унинг саргузаштлари” номли фильмларимиз тайёр бўлди. Уларнинг режиссёрлари бошқа-бошқа, аммо умумий ассоциация таркибидаги жамоалар томонидан ишланди. Ҳаммамиз биргаликда болалар учун миллий контент яратиш бўйича биргаликда астойдил ҳаракат қилаяпмиз. Бу йўлда ижодкорлар жуда катта меҳнат қилишди. 2026 йилда бу борада янада кўпроқ фильмлар яратишни режалаштирганмиз.

Байрамона руҳда ўтказилган тақдимот тадбирида “Ширoқ афсoнаси”,  “Спитамен ва Искандар”, “Ақлли қизалoқ”,  “Чумчуқвoй ва унинг саргузаштлари”,  “Экo қаҳрамoнлар”, “Қўзичoқ ва Тoйчoқ”,  “Темурнинг бoлалиги” номли анимацион фильмлар намойиш этилди.        

Ҳар бир фильм бoлаларда тoпқирлик, адoлат, жасoрат фазилатларини кучайтиради. Тариxий билимлар беради ва экoлoгик oнгни юксалтиради. Янги анимацион фильмлар ғоят ёрқин ранглари, завқли ва жўшқин мусиқаси, болалар онгу шуурини ҳам замонавий, ҳам  тарихий билимлар билан бойитишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Назокат Усмонова, ЎзА