Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Анҳор" канали яқинида кўп қаватли меҳмонхона қурилишини тўхтатиш талаб қилинмоқда
16:03 / 2023-02-04

Ижтимой тармоқларда пойтахтимизнинг Навоий кўчаси "Анҳор" канали бўйида қурилаётган кўп қаватли меҳмонхона кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилиняпти.

Маданий мерос агентлигининг маълумотига кўра, Навоий кўчаси "Анҳор" канали бўйида жойлашган "Анҳор" кафе-ресторани архитектура ёдгорлиги сифатида Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.  

Объект айни вақтда "Тошкент Ўрдаси" МЧЖга тегишли бўлиб, хусусийлаштирилган. Мазкур маданий мерос объектидан бугунги кунда фойдаланилмайди. Таъкидланишича, кафе ёнида меҳмонхона қурилишига Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси томонидан рухсат берилган.  

Қурилиш эскиз лойиҳаси Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги илмий-эксперт кенгаши муҳокамасига 2022 йилда тақдим қилинган, лойиҳа ижобий хулоса олмаган ва қайта тақдим қилиш таъкидланган.  

Аммо, илмий-эксперт кенгашининг хулосасисиз "Анҳор" кафе-ресторан биносининг муҳофаза ҳудудида тегишли кўп қаватли меҳмонхона қуриш ишлари олиб борилаётгани аниқланган. Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилаётган қурилиш ишларини тўхтатиш бўйича бир неча бор ёзма равишда огоҳлантириш хати берилган.  

Қайд этилишича, 2022 йил 20 июнда Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан маъмурий иш кўриб чиқилиб, тадбиркор Э.И.га нисбатан МЖтКнинг 1985-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик асосида БҲМнинг 3 баравари — 900 минг сўм жарима жазоси тайинланган.  

Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси томонидан 2023 йил 30 январь куни ўрганиш жараёнида "Анҳор" кафе-ресторан раҳбариятига берилган огоҳлантириш ҳамда кўрсатма хатлари инобатга олинмасдан, ушбу маданий мерос объектининг муҳофаза ҳудудида қурилиш ишлари давом эттирилаётгани ва бунинг натижасида бино бугунги кунда хароба ва ташландиқ ҳолатга келиб қолгани аниқланди.  

Табиат ресурслари вазирлигининг хабар беришича, ушбу қурилиш биноси Бўзсув канали қирғоқ бўйидан 10 метр масофада жойлашгани, қурилиш ишларини амалга ошириш учун Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасидан рухсатнома ҳамда давлат экологик экспертизасининг хулосаси олинмагани аниқланди.  

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда ҳолатга қонуний чора кўриш мақсадида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасига берилган.  

Ш.Маматуропова, ЎзА