...Ангрен шаҳрида футболни севишади. Бунга сабаб эса 2000 йилларда Ангрен “Семурғ” жамоасининг олий лигадаги муваффақиятли одимлари ва ёрқин ўйинларидир. Ўша йилларда “Семурғ” миллий чемпионатимизнинг пешқадамлари бўлган “Нефтчи”, “Навбаҳор”, “Пахтакор” жамоалари учун кучли рақиблардан бири эди. Ангренда Илёс Зейтуллаев, Александр Гейнрих, Ислом Иномов каби машҳур футболчилари етишиб чиққан...
Президентимиз билан сайловолди учрашувда ангренликлар шаҳарга спортни қайтариш, “Дельфин” сузиш ҳавзасини қайта тиклаш бўйича илтимослари инобатга олинди. “Дельфин” сузиш ҳавзаси ОКМК ҳомийлигида тўлиқ таъмирланди. Шунингдек, унинг ёнидаги “Кимёгар” стадиони ҳам қайта тикланиб, таъмирдан чиқарилди.
Бундан ташқари, ОКМК ПФК қошида “ОКМК-Семурғ" жамоасини ташкил этиш таклифи ҳам инобатга олинди.
[gallery-22940]
Ангренга катта футбол қайтди. Ўзида 8000 мухлисни сиғдира оладиган “Кимёгар” стадионига ҳақиқий катта футбол қайтди. Жорий йилнинг 18 апрель куни Ангрен шаҳрида мавсумнинг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирда ўзбек футболи фахрийлари Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов, ЎФА маслаҳатчиси Раҳмиддин Зикрияев ва ОКМК профессионал футбол клуби президенти Абдулла Хурсанов, ОКМК ФК бош мураббийси Миржалол Қосимов ва таниқли футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаевлар иштирок этиб, ангренлик футбол мухлисларига ўзларининг самимий тилакларини билдиришди.
Шунингдек, тадбирда ОКМК жамоасининг кўп йиллик мухлиси, бу йил юз ёшни қарши олган Анорбой ота Жалилов сўз олиб, Ангрен шаҳрига катта футболни қайтарган мутасаддиларга футбол ишқибозлари номидан миннатдорлик билдирди ва янги жамоага омад тилаб, дуо қилди.
Маълумот учун: бу йилдан бошлаб “ОКМК-Семурғ" жамоаси Ўзбекистон профессионал футбол лигаси тасарруфидаги 1-лиганинг Шарқ минтақасида иштирокини бошлади. Жамоа 1-турда “Пахтакор Фарм” клубини меҳмонда 0:4 ҳисобида мағлубиятга учратди.
2-турда эса 18 апрель куни ўз уйида Андижоннинг “Андижон ФА” жамоасига мезбонлик қилиб, 2-0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ҳозирда жамоа 6 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.
ОКМК ахборот хизмати