Маълумки, бу йилги қиш фасли ҳар қачонгидан ҳам аномал совуқ тарзда кечмоқда. Бунинг натижасида эса аҳолини энергия ресурслари билан тўлиқ таъминлашда муаммолар юзага келди. Ушбу муаммоларни ҳал этиш ва келгусида бундай қийинчиликларга дуч келмаслик мақсадида ҳукумат томонидан бир қанча чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, соҳага тегишли мутасадди ташкилотлар фаолияти қайта кўриб чиқилиб, қўшимча вазифалар юклатилмоқда.
Ушбу масала бўйича давлат раҳбари томонидан жорий йилнинг 8 февралида ўтказилган йиғилишда ҳам энергия ресурслари соҳасида юз бераётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, назорат қилиш, қонун доирасида жавобгарликка тортиш ҳамда бу йўналишдаги қарздорликларни сифатли ундириш бўйича Бош прокуратура ва Мажбурий ижро бюросига кўплаб вазифалар белгилаб берилди.
Шунга кўра, бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси ва унинг жойлардаги ҳудудий бўлимлари томонидан коммунал йўналиш бўйича суднинг ҳал қилув қарори асосида қарздорликларни ундириш чора-тадбирлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Жумладан, Бюронинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан Оҳангарон туманлараро судининг қарздор «Ангрен Иссиқлик энергияси» ДУКдан ундирувчи Ангрен шаҳар электр тармоғи фойдасига 1 млрд. 600 млн. сўм қарздорлик суммаси ундириб берилди.
Бошқа ижро ҳужжатларига оид амалий ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
ЎзА