English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ангренда “Дельфин” ёпиқ сув ҳавзаси очилди
12:40 / 2021-07-18

Ангрен шаҳар Болалар-ўсмирлар спорт мактабида “Дельфин” ёпиқ сув ҳавзаси қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабати билан ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, "Олмалиқ КМК" AЖ Бошқарув раиси Aбдуллa Хурсaнов, шаҳар ҳокимлиги ва бир қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларни спортга жалб қилиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун жойларда зарур шароит яратилаётгани, замонавий спорт мажмуаларининг ишга туширилиши келгусида ўз самарасини беради.

Мазкур мажмуа 1981 йилда қурилган ва ҳозирги кунда Ангрен шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактабига қарашли. Сув ҳавзаси кўп йиллар қаровсиз ҳолда бўлган. Ташаббускорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ёпиқ сув ҳавзаси тўлиқ капитал таъмирланди.

Бу ерда 7 та сузиш, умумий тарзда 19 та спорт турлари бўйича мингдан зиёд аҳоли ва спортчилар шуғулланиши мумкин. Мажмуа атрофида енгил ва оғир атлетика, теннис корти ва бошқа спорт комплекслари ҳам бунёд этилган.

Бино эса замон талаблари асосида таъмирланган бўлиб, энг сўнгги спорт жиҳозлари ўрнатилган. Синхрон сузиш, сувга сакраш, сув полоси каби спорт турлари бўйича шуғулланиш мумкин. Сув ҳавзасида профессионал спорт мусобақалари ўтказиш мумкин. Унинг атрофида эса томошабинлар учун 260 ўринли жойлар қилинган. Бу ерда 35 та иш ўрини яратилган. Бир кунда 792 нафар, бир ойда эса 23 минг 760 нафар ахолига хизмат кўрсатиш кўзда тутилган.

Ҳозир кўплаб ангренликлар, ёшлар бу ерда сузиш бўйича турли машғулотлар билан шуғулланиш истгини билдирмоқда.

Очилиш маросимида иштирокчилар замонавий сув ҳавзасида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

А. Мусаев,ЎзА