Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ангрен шаҳрида замонавий соғломлаштириш маскани иш бошлади
09:32 / 2021-09-16

Қарор ва ижро

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида замонавий ва барча шароитларга эга “Янгиобод” санаторийси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, шаҳар ҳокимлиги масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 декабрдаги “2019-2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ангрен шаҳрида зарур инфратузилмани шакллантириш орқали улар ўртасида ўзаро боғлиқликни таъминлаш, туристларнинг узлуксиз саёҳатлари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ушбу ҳудудларни “Олтин ҳалқа” туризм концепцияси асосида ривожлантириш белгиланган.

Ўтган вақт давомида бу борада тизимли ишлар амалга оширила бошланди.

Тадбирда вилоят ҳокими Д.Ҳидоятов сўз олиб, ҳудудда экотуризм ва тоғ туризмини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш, аҳоли учун қулай шароит яратиш ва мазкур ҳудудга келувчиларнинг вақтларини мазмунли ўтказишлари учун ҳар томонлама қулай имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлади.

Айтиш жоизки, Ангрен шаҳрининг “Янгиобод” маҳалласида туризм инфратузилмаси объектларига хизмат кўрсатишни ташкил этиш, маданий дам олиш, турли хил спорт турлари, соғломлаштириш, экстремал ва экотуризм билан боғлиқ хизматлар ташкил этиляпти.

Хусусан, янги очилган “Янгиобод” санаторийси 1 минг 300 метр баландликда жойлашган бўлиб даволаш, соғломлаштириш ва дам олишга ихтисослаштирилган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 200 нафардан ортиқ дам олувчиларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 17 миллиард сўмни, умумий ер майдони 2,7 гектарни ташкил ташкил этади, шунингдек, масканда 62 та янги иш ўринлари яратилган.

Малакали шифокорлар, жумладан, кардиолог, терапевт, уролог, гинеколог, невропатолог ва УТД терапевти томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилади.

Барча хоналар замонавий тиббий-технологик жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, санаторийда клиник ва биохимик таҳлиллар, соматик даволаш, физиотерапия, фитотерапия, гидроколонотерапия, озонотерапия, тузли ғор, кедр ёғоч туридаги сауна бочка, стоунтерапия, игна терапия, хижома, оловли массаж каби хизматлар кўрсатилади. Шунингдек, амфитеатр, кутубхона, спорт мажмуалари ҳам мавжуд.

Йилнинг ҳар мавсумида сайёҳлар ва саломатлигини мустаҳкамлаш истагида бўлганлар табиатнинг соф ҳавоси, шифобахш сувидан баҳраманд бўлади.

Тадбир давомида меҳмонлар мазкур мажмуада яратилган шароитлар билан танишди.

А. Мусаев, ЎзА