Тошкент вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда уни талафотсиз ўтказиш бўйича “Ангрен шаҳар тажрибаси”ни татбиқ этиш чора-тадбирлари йўлга қўйилди.
Шу муносабат билан Ангрен шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Республика ишчи гуруҳи раҳбари Ғ. Мирзаев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлди. Унда мазкур жараёнларга бириктирилган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Тошкент вилояти ҳамда туман-шаҳарлар ҳокимликларининг масъул раҳбарлари иштирок этди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 25 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда уни талафотсиз ўтказиш бўйича самарали тизим жорий этилди.

Шу асосида Республика Ишчи гуруҳи томонидан жойларда амалга ошириш лозим бўлган вазифалар кўриб чиқилди. Ҳудудлардаги мутасаддиларга жойларда учраётган коммунал муаммоларни тегишли тартибда бартараф қилиш, аҳолига қулайлик яратиш борасида зарур вазифалар берилди.

Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича зарур чора-тадбирлар қилинади. Ҳудудларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар бир дарахт тўғрисида ягона электрон маълумотлар базасини яратиш, ҳақиқий ҳолати бўйича ўрганишлар юзасидан бир қатор кўрсатмалар берилди.

Жумладан, мутасадди вилоят ташкилотлари, туман-шаҳар ҳокимликлари билан бирга электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир маҳсулотлари, иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб бериш мақсадида захира яратилади ва бор имкониятлар сафарбар қилинади. Ўз навбатида мазкур жараёнларни мониторинг қилиш ва амалга оширилаётган ишларни назорат қилиш борасида махсус Штаб фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, шаҳар ҳокимлигида мазкур Штаб туну кун фаолият кўрсатади. Унга тажрибали ва коммунал соҳасида малака ва кўникмага эга бўлган масъул мутахассислар жалб қилинган.
А.Мусаев, ЎзА.