“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида жорий йилда кўмир қазиб олиш режаси 4800 минг тонна, истеъмолчиларга маҳсулот етказиб бериш режаси 4494,0 минг тонна этиб белгиланган. 2022 йил 27 декабрь ҳолатига кўра, амалда ишлаб чиқарилган маҳсулот 5 010 минг тоннадан, ҳақиқий етказиб берилган ёқилғи 5230 минг тоннадан ортиб кетди.
Жорий йилнинг 27 декабрь куни бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари ушбу акциядорлик жамияти фаолияти билан яқиндан танишиб, бу йилги ютуқлар ва долзарб вазифалар ҳақида атрофлича маълумот олди.
Пресс-тур доирасида “Ангрен” кўмир кони диспетчерлик марказининг мажлислар залида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда жамият бош директори ўринбосари Нурали Талабаев, бош геолог Эркин Жўраев, «Ангрен кўмир кони» филиали бош муҳандиси Шерзод Турғунов, бош директор матбуот котиби Неъмат Душаев жорий йилдаги натижалар ва режалар хусусида сўз юритди.
– “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти учун Ангрен кўмир ҳавзасидаги конлар қаттиқ ёқилғининг асосий манбаи ҳисобланади. 2022 йилнинг ўтган даврида мазкур ҳавзадаги “Ангрен” конидан 4 миллион 470 минг тоннадан зиёдроқ кўмир қазиб олинди. Бу режага нисбатан 106,8 тоннани ташкил этади. “Шахта усулида кўмир қазиб олиш” кони ҳам йиллик режасини барвақт бажарди: режа бўйича – 53216 тонна ўрнига амалда 61145 тонналик кўрсаткич қайд этилди. Кўмирни асосий истеъмолчиларга жўнатиш ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳозиргача топшириқ 128,6 фоизга бажарилди, – деди жамият бош директори ўринбосари Нурали Талабаев.
[gallery-10102]
Рақамлар таҳлилига кўра, кўмир қазиб олиш ҳажми 2020 йилда 3 869,4 минг тоннани, 2021 йилда ‒ 4 781,2 минг тоннани, 2022 йилнинг 27 декабрига қадар 5010 минг тоннани ташкил этди. Истеъмолчиларга жўнатилган кўмир маҳсулотлари ҳажми 2020 йилда 3 879,4 минг тоннага, 2021 йилда 5 183,7 минг тоннага, 2022 йилнинг 27 декабрь ҳолатига 5 211,8 минг тоннага тенг бўлди. Бюджет ташкилотлари ва аҳоли истеъмолчиларига етказиб берилаётган кўмир маҳсулотлари ҳажмида ҳам муттасил ўсиш кузатилмоқда.
Кўмир маҳсулотларини бюджет ташкилотлари ва аҳоли истеъмолчиларига тарқатиш “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли 89 та ҳудудий кўмир омбори ва 12 та савдо шохобчалари орқали амалга оширилмоқда.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, жамият фаолиятида ютуқлар билан бирга муаммолар ҳам йўқ эмас. Бу энг аввало ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар ўртасидаги муносабатларга, қолаверса, кўмир қазиб олишнинг ўзига хос жараёнлари, кўмир сифати масаласида истеъмолчилар ўртасида маълумотлар етарли эмаслигига бориб тақалади. Шу маънода, ташкил этилаётган пресс-турлар ишлаб чиқарувчи, таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида соғлом муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.
Матбуот анжуманидан сўнг журналистлар “Ангрен” очиқ конида кўмир қазиб олиш ва истеъмолчиларга маҳсулот юклаш жараёни билан яқиндан танишди.
‒ Конда ишлаб чиқариш ва маҳсулот юклаш бир маромда кечаю-кундуз давом этмоқда, – деди “Ангрен кўмир кони” филиали бош муҳандиси Шерзод Турғунов. – Якунланаётган йил осон кечмади. Истеъмолчиларга ёқилғи етказиб бериш йиллик режасини муддатидан аввал бажариб, юзимиз ёруғ бўлди. Жамиятда эгалланган беш миллион тонналик маррани эгаллашда ҳиссамиз энг кўп 4 700 минг тонна эканлиги бизга алоҳида ғурур бағишлайди. Ангрен кўмир ҳавзасида қаттиқ ёқилғи захиралари етарли. Аммо уни қазиб олиш ва етказиб бериш зарур. Келгуси йил ҳам биз учун осон кечмайди. Мавжуд имкониятларни ишга солиб, кон очиш ишларини янада жадаллаштиришимиз зарур.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА