Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги “Angor-Agro Star” масъулияти чекланган жамияти ихтисослашган компаниясида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш мавзуига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Фермерлар ва томорқа ер эгалари иштирок этган тадбирда туркиялик олим Муҳаммад Седат, “Ўзагростар Холдинг” масъулияти чекланган жамияти бошқарма бошлиғи Баҳром Юсуфхонов, акциядорлик тижорат “Халқ банки” департаменти мудири Сардор Ҳасанов ва бошқа мутахассислар қишлоқ хўжалигида талаб юқори бўлган маҳсулотларни етиштириш, сақлаш ва экспортга йўналтириш хусусида атрофлича маълумот берди.


Айни пайтда туманда 145 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти 1 минг 465 гектар майдонда турли сабзавот ва сархил мева етиштирмоқда. Жорий йилда миришкорлар 45 минг 765 тонна ҳосил олишни режалаштирган. Йилнинг ўтган даврида Россия, Қозоғистон, Беларусь каби давлатларга 8,1 миллион доллар қийматидаги мева-сабзавот экспорт қилиб, режани 135 фоизга бажарди.


Семинарда тупроқдан экспортгача бўлган занжир масалалари, жумладан, ер унумдорлигини ошириш, етиштирилган маҳсулотни сифатли сақлаш, қайта ишлаш ва ташқи бозорга чиқариш йўллари ҳақида фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА