Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ангор ва Термиз тумани ғаллакорлари дон йиғиб олиш режасини ортиғи билан бажарди
19:57 / 2022-06-03

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматидан ЎзАга хабар беришларича, бугун воҳадаги Ангор ва Термиз тумани ғаллакорлари сара дон йиғиб олиш йиллик режасини мамлакатимизда биринчи бўлиб ортиғи билан уддалади.

Ангорлик миришкорлар 5 минг 650 гектар, термизликлар 2 минг 900 гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос эртапишар ва серҳосил навли буғдой уруғларини экиб, мўл ҳосил тўплади. Об-ҳаво инжиқ келган йилда бир текис ундириб олинган майсалар замонавий технологиялар асосида парваришлангани ютуқлар омили бўлди.

Пишиб етилган ҳосилни ўриб-йиғиб олиш ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди. Натижада қисқа кунларда Ангорлик ғаллакорлар 6 минг 317 тонна, Термиз тумани миришкорлари 5 минг 333 тонна сара дон йиғиб олиб, режани бажарди. Ўриб олинган майдонларда ўртача ҳосилдорлик 77-80 центнерга етди. Улкан хирмонга Ангор туманидаги “Замин Ангор кластер” масъулияти чекланган жамияти, “Саидносирхон”, “Ангор Хомкон миришкори”, “Хомкон миришкор деҳқонлари”, Термиз туманидаги “Инденим кластер” масъулияти чекланган жамияти, “Анвар Дўстлик”, “Шароф Моҳинур”, “Фарҳодбек Янгиариқ” каби тажрибали фермер хўжаликлари ғаллакорлари салмоқли ҳисса қўшди.

Жорий йил ҳосили учун воҳада 13 та ғаллачилик кластери ва 2 минг 177 та фермер хўжалиги 90 минг 800 гектар майдонда ғалла етиштириб, 695 минг тонна дон йиғиб олишни режалаштирмоқда.

Вилоятда ғалла ўрим-йиғими қизғин давом этмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири