Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ангор туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади
16:56 / 2020-12-11

Сурхондарё вилоятида туман ҳокимларининг жорий йилда амалга оширилган асосий ишлар ва 2021 йилда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари бўйича аҳолига мурожаати давом этмоқда.

Бугун халқ депутатлари Ангор тумани кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ҳокими Ш.Абдуллаевнинг мурожаати тингланди. Туман ҳокими ўринбосарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, туман фаоллари, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирок этган сессияда ўтаётган йил жаҳон бўйлаб барча соҳаларни жиддий синовдан ўтказаётгани таъкидланди. Президентимиз томонидан кўрилган тезкор чоралар туфайли пандемия шароитида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда жуда катта тўсиқларга дуч келмагани қайд этилди.

Кўрилган изчил чора-тадбирлар Ангор туманида ҳам асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни ўстиришда муҳим омил бўлди. Жумладан, 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 70,8 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 75,2 миллиард сўмни ташкил этиб, 106,3 фоизга ўсишига эришилди. Йил якуни билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 140 миллиард 500 миллион сўмга етказиш кутилмоқда. Шунингдек, хизматлар, чакана савдо, қурилиш ва пудрат ишларида ҳам сезиларли натижаларга эришилди.  

2021 йилда кичик бизнес субъектларини янгидан ташкил этиш ҳамда янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига чакана савдо айланмасининг 459,4 миллиард сўмга ўсиши кутилмоқда. Янги йилда қурилиши режалаштирилган 2 та кўп қавватли уй-жойлар ҳамда янги лойиҳалар қурилишини ишга тушириш, қурилиш ва пудрат ишлари ҳажмини 178,6 миллиард сўмга оширади.

Жорий йилнинг 9 ойида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 831,6 миллиард сўмга бажарилиб, 108,3 фоизга ўсди. Йил якуни билан 1 тириллион 137,8 миллиард сўмга бажарилиб, ўсиш сурати 103,6 фоизга етказилади. 2021 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида ташкил этиладиган 13 та йирик янги лойиҳаларни ишга тушириш хисобига қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажмини 1 триллион 174 миллиард сўмга ўстириш режалаштирилган.  

Туманда 25 та экспортёр корхона фаолият юритмоқда. Йилнинг ўтган даврида улар 13 738 минг доллар қийматидаги саноат ва мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилди. Келгуси йил экспорт салоҳиятини янада ошириш учун янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Масалан, “Топ Куалити Бренд” масъулияти чекланган жамиятининг “Терини қайта ишлашни ташкил этиш” лойиҳаси йилига 12 минг тонна терини қайта ишлаш қувватини яратади. Тайёр маҳсулотнинг 30 фоизи Афғонистонга экспорт қилинади.  

Сессияда кичик саноат зоналарини ташкил этиш, хориж инвестициясини жалб қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаб, даромадини ошириш, таълим-тиббиёт каби ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда янги йилда бажарилиши кутилаётган ишлар ҳусусида ҳам атрофлича маълумот берилди. “Темир дафтар”га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш, “Аёллар ва ёшлар” темир дафтарларига киритилганлар билан ишлашнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги режалар тўғрисида фикр юритилди

Сессия доирасида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан ишлаб чиқилган дастурлар тақдимоти ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

[gallery-388]

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА