Ангор тумани мамлакатда биринчилардан бўлиб, пилла топширишга киришди
Бугун «Ангор Агропилла» масъулияти чекланган жамиятининг пилла қабул қилиш корхонасида туманда етиштирилган дастлабки ҳосилни қабул қилиш бошланди.
Бугун «Ангор Агропилла» масъулияти чекланган жамиятининг пилла қабул қилиш корхонасида туманда етиштирилган дастлабки ҳосилни қабул қилиш бошланди.
Президентимиз ташаббуси билан пиллачиликда ҳам кластер усулининг жорий этилгани сўнгги йилларда соҳани қишлоқ хўжалигида етакчи тармоқлардан бирига айлантирди. Шунга асосан мамлакатимизда пилла етиштиришдан тортиб уни қайта ишлашгача бўлган жараён «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибидаги корхоналарда амалга оширилаётир. Соҳага хорижнинг замонавий технологиялари жорий этилиб, йилига тўрт мартагача ҳосил олинмоқда.
Ипак қурти парваришлашда қулай имконият ва бой тажрибага эга Сурхондарё вилояти пиллакорлари жорий йил баҳор мавсумида 29 минг 90 қути ипак қуртини парваришлаётир. Ангордаги «ҲУАШEН СИЛКWОРМ ПРО» Ўзбекистон¬Хитой қўшма корхонаси ва туманда пилла етиштиришга ихтисослашган икки мингга яқин оилавий звенода 2 минг 335 қути ипак қурти парвариш қилинмоқда. Йилнинг биринчи мавсумида ангорликлар 128 тоннадан ортиқ пилла хом ашёси етиштиришни мўлжалламоқда.
- Бу мавсумда беш келиним, беш ўғлим ва невараларим билан 25 қути ипак қуртини боқаяпмиз,- дейди ангорлик тажрибали пиллакор Менгнор Холлиева. - Кейинги йилларда соҳага қаратилаётган эътибор пилла етиштиришга бўлган қизиқиш ва интилишимизни янада оширди.
Ипак қурти парваришлаб, яхшигина даромад олаяпмиз. Бугун териб олган илк ҳосилимизни топширдик. Мавсумда бир тонна атрофида пилла етказиб беришни режалаштирганмиз.
Пиллачиликнинг изчил ривожланаётгани қишлоқ хотин-қизларининг бандилигини таъминлаб, оилавий бюджетга қўшимча даромад келтирмоқда. Айни пайтда воҳанинг биргина Ангор туманида 500 киши пиллачилик билан банд.
Жорий йилнинг илк мавсумида вилоят пиллакорлари парваришланаётган ипак қуртидан 1 минг 600 тонна кумуш тола йиғиштириб олишни кўзда тутмоқда.
Пилла топширишга бағишланган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раиси Б. Шарипов иштирок этиб, топширилаётган ҳосил сифати билан яқиндан танишди. Илғор пиллакорларга совғалар топширди.