Ангола олий суди мамлакатнинг собиқ президенти Жозе Эдуарду душ Сантушнинг катта қизи Изабель душ Сантушга тегишли қиймати 1 миллиард долларлик активларни ҳибсга олишга ҳукм чиқарди. У молиявий жиноятларни амалга оширганликда гумон қилинмоқда, деб ёзмоқда Jornal de Angola нашри.
Ушбу қарорга изоҳ берар экан, суд мазкур ҳаракат БМТнинг коррупцияга қарши кураш бўйича конвенциясига асосланганини таъкидлаган.
Изабель душ Сантушнинг ҳибсга олинган активлари ўнлаб компаниялардаги акция пакетларидан иборат.
Изабель душ Сантушнинг активлари биринчи бор ҳибсга олинаётгани йўқ, дейилади хабарда. 2019 йил декабрда ҳам Луанда провинцияси суди Активларни қайтариш бўйича миллий хизмат сўровига биноан Изабелнинг шахсий банк ҳисобларини ҳибсга олган эди. Ўшанда бир вақтнинг ўзида унинг турмуш ўртоғи конголезиялик тадбиркор Синдика Доколо активлари ҳам ҳибсга олинганди.
Ангола бош прокуратурасининг маълумотларига кўра, Изабель душ Сантуш 2016 - 2017 йилларда мамлакатнинг давлатга қарашли йирик Sonangol нефть компаниясига раҳбарлик қилган. Ўшанда унинг ноқонуний фаолияти натижасида мамлакат 1,36 миллиард доллар йўқотган. Изабель душ Сантушнинг ўзи 2017 йилда мамлакатни тарк этганди. Бош прокуратура уни ватанга қайтишга ва қонун ҳимоячилари билан ҳамкорлик қилишга чақириб келмоқда. Ноябрь ойида мамлакат прокуратураси сўровига кўра, Халқаро жиноятлар полицияси ташкилоти (Интерпол) Изабель душ Сантушни ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер берди.
Унинг отаси Жозе Эдуарду душ Сантуш Анголага 38 йил президентлик қилган.
ЎзА