Кейинги йилларда мамлакатимиз олий ўқув юртларининг ривожланган мамлакатларнинг олий ўқув юртлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Андижон давлат чет тиллари институтида ҳам бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Институтнинг Англиянинг нуфузли университетлари билан алоқалари янада ривожланмоқда. Хусусан, Nayltil institute ва Reading университетлари билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилиб, ўқув дастурларини яратишда ушбу университетларнинг тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда. Ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда тажриба ўрганиш мақсадида институт ректори, профессор Дилшодбек Рустамов раҳбарлигида бир гуруҳ мутахассислар Англия университетларида бўлиб қайтди.
Таъкидлаш жоиз, Англия таълим соҳасида ўзига хос анъаналар ва жуда катта базага эга юрт ҳисобланади. Англиядаги қатор университетлар кўп асрлик тарихга эга.
Сафар давомида институт ректори Lids, Reading, Шарқий Англия университетларида, шунингдек, Лондон бизнес олий мактабида, Найл тил институтида бўлиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор шартномалар имзолади, келишувларга эришди.
Дунё университетлари рейтингида ТОП-150 талик рўйхатда бўлган нуфузли Лидс университети вакиллари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантиришга қаратилган учрашув самарали ўтди. Мулоқот давомида икки олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчиларнинг илмий стажировкаси ва малака ошириши, қўшма таълим ва академик алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма докторантура ташкил этиш, ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
–Лидс университети олимлари билан инглиз тили бўйича мутахассис бўлмаган, бироқ ушбу тил бўйича махсус малакага эга бўлиш устунлик берадиган касблар, хусусан, муҳандислар, қурувчилар ва бошқа касбга ихтисослашган мутахассислар учун инглиз тилини ўргатиш модулини Ўзбекистонда татбиқ этиш бўйича фикр алмашилди, – дейди Андижон давлат чет тиллар институти ректори, профессор Дилшодбек Рустамов. – Юртимизда муҳандис ва бошқа касб мутахассисларига махсус инглиз тили ўқитиш модулларини ишлаб чиқиш бўйича мазкур университет олимлари билан келишувга эришдик.
Шунингдек, учрашувлар доирасида профессор-ўқитувчилар ўртасида ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида онлайн форум ташкил этиш белгиланди. Бундан ташқари, Андижон давлат чет тиллар институти таълим йўналишлари ўқув дастурларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш, ТОП-300 талик университетлар ўқув дастурларига яқинлаштириш бўйича хамкорлик масаласи бўйича муҳокамалар ҳам ижобий якунланди.
[gallery-18877]
Reading университети Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Девид Картер, ўқув ишлари бўйича проректор Клар Фурно билан учрашувда ҳам қатор масалалар муҳокама қилинди. Якунда университет ҳамда Андижон чет тиллар институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумга кўра, икки олий ўқув юрти тадқиқотчилари қўшма илмий лойиҳалар олиб бориш, ҳамкорликда илмий мақола ва монографиялар тайёрлаш, қўшма докторантура ташкил этиш бўйича ишлар йўлга қўйилади. Шунингдек, муҳандислик йўналишлари учун махсус дастурлар асосида инглиз тилини ўқитишнинг муаммо ва ечимларига бағишланган халқаро конференция ўтказиш бўйича ҳам келишиб олинди. Бундан ташқари, Reading университетининг 20 нафар талабаси Андижондаги ёзги лагерга ташриф буюради.
Дилшодбек Рустамов Норвич шаҳридаги Найл тил институтида бўлди. Ушбу институт тилларни ўқитиш соҳасида етакчи илмий тадқиқот ва ўқитиш маркази ҳисобланади. Институт директори Том Киддле билан учрашувда турли йўналишлар бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди, келишувларга эришилди. Жумладан, профессор-ўқитувчиларни малака оширишга юбориш ва талабалар алмашинуви йўлга қўйилади.
Шарқий Англиа университети вакиллари билан музокаралар ҳам самарали ўтди. Университетнинг халқаро алоқалар департаменти директори Сед Нух билан бўлган учрашувда институт тадқиқотчилари учун Шарқий Англия университетидан илмий раҳбарлар тайинлаш, қўшма тадқиқот лойиҳалари ва қўшма академик нашрлар бўйича, шунингдек, Шарқий Англия университетидан профессорларни таклиф қилиш ва талабаларнинг қўшма амалиёт дастурини ишлаб чиқиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Шарқий Англия университети вакиллари учун Андижонда маданий алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, ўзбек ва бошқа Осиё тилларини ўрганиш учун 10 кунлик ёзги лагерь ташкил этиш таклифи ҳамкорлар томонидан ижобий қабул қилинди.
Лондон бизнес олий мактаби ўзининг бой тарихи ва битирувчилар клубининг нуфузи жиҳатидан дунёда юқори ўринда турадиган муассасалардан бири ҳисобланади.
Лондон бизнес олий мактаби декани Ким Соин ҳамда бизнесни ривожлантириш менежери Гаурав Жаин билан учрашувда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича келишиб олинди.
Профессор Дилшодбек Рустамов Англия сафари давомида Лондон бизнес олий мактаби ҳамда Reading университетида таҳсил олаётган юртдошларимиз билан ҳам учрашди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири