Авваллари аневризмани даволаш учун классик жарроҳлик усули қўлланилган. Операциянинг моҳияти томирнинг шикастланган қисмини кесиб ташлаш ва унинг ўрнига пластик протез ёки тананинг бошқа қисмидаги қон томири бўлагини қўйишдан иборат бўлган.
Терасаки биотиббиёт инновациялар институти (TIBI) мутахассислари гуруҳи томонидан аневризмани даволашда янги ёндашув таклиф қилинди. Бунда инъекция муолажаси учун желатин гидрогели яратилди. Уларнинг илмий иши ACS Applied Materials & Interfaces журналида чоп этилди.
Аневризмалар - артерия ёки вена томирининг юпқалашиши ёки чўзилиши туфайли деворларнинг бўртиб чиқиши натижасида қон томирларининг шишиши ва ёрилишига олиб келади. Одатда бу касаллик томир тўлиқ тузалиб кетгунга қадар зарарланган ҳудуддаги артериал оқимни тўсиб қўядиган дори воситаларини катетер орқали юбориш билан даволанади. Терапиянинг бошқа усуллари мавжуд бўлишига қарамай, уларнинг барчасида муайян ноқулайликлар учраб туради.
Янги технология чидамлилиги оширилган гидрогелни инъекция орқали қўллашга мўлжалланган бўлиб, кучли пульсацияланувчи қон оқимининг таъсирига дош бериш имконини беради. Юбориладиган воситага шунингдек, гелни механик таъсир остида силжитганда ҳам жойида ушлаб турадиган нанозаррачалар ва юқори фаол бирикмалар қўшилди.
Лаборатория тадқиқотларининг дастлабки натижалари олимларни хурсанд қилди.
Тўрт кун давомида ўтказилган тажрибалар вақтида ишланма инъекция имкониятини сақлаб қолган ҳолда суюқликларни парчаламасдан ушлаб туришда юқори самарадорликни кўрсатди. Дори воситаси ҳужайра шикастланиши ёки эритроцитлар лизисига олиб келмади, бу эса ундан қон-томир касалликларини даволашда фойдаланиш хавфсиз эканлигини билдиради.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА