Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибиганинг маълум қилишича, 24 январга ўтар кечаси Россия томонидан амалга оширилган оммавий зарба нафақат Украина халқини, балки Абу-Дабидаги музокаралар жараёнини ҳам нишонга олди.
Бу ҳақда DW хабар тарқатиб, вазирнинг гапларидан иқтибос келтирган.
Абу-Дабида Украина, Россия ва АҚШ ўртасида уч томонлама музокаралар давом этаётган бир пайтда, Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудига “шафқатсиз оммавий ракета зарбаси” бериш ҳақида буйруқ берди, деди Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига.
“Унинг ракеталари нафақат халқимизга, балки музокаралар столига ҳам зарба берди”, - деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.
Вазирнинг сўзларига кўра, зарбаларни амалга оширишда Россия қўшинлари ўнлаб баллистик ва ҳаводан учириладиган ракеталардан, шунингдек, юзлаб учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган. Сибиганинг таъкидлашича, асосий нишонлар ўзгармаган, яъни энергетика объектлари ва турар жойлар.
Ҳужум оқибатида, жумладан, энг йирик шаҳарлар, Киев ва Харьков зарар кўрган. Шунингдек, Чернигов зарбалардан сўнг электр таъминотисиз қолди. Украина Қуролли кучлари маълумотига кўра, 24 январга ўтар кечаси Россия Украинага 375 та дрон ва 21 та ракета билан ҳужум қилган. Улардан 357 та учувчисиз аппарат ва 15 та ракета уриб туширилган.
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг хабар беришича, зарбалар Киев ва Киев вилоятига, Суми, Харьков ва Чернигов вилоятларига қаратилган бўлиб, асосий нишон яна энергетика инфратузилмаси объектлари бўлган.
Абу-Дабида ўтаётган Украина, Россия ва АҚШ ўртасидаги уч томонлама музокаралар жараёни қандай босқичда экани ҳозирча номаълум.
Кенжа Бекжонов, ЎзА