French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижоннинг энг намунали маҳалла раислари
15:19 / 2024-03-12

“Энг намунали маҳалла раиси” республика танловининг Андижон вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 та маҳалла раиси қатнашди.

Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида танлов очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан маҳалла тизими жамиятда муҳим ўрин тутиши, шу билан бирга, маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларнинг ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик асосида турмуш кечиришларини таъминловчи гўша эканлиги таъкидланди. Шунингдек, халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари улуғланадиган ўзига хос тарбия ва бошқарув маскани бўлганлиги айтиб ўтилди, ана шу масканнинг етакчиси – маҳалла раисининг ўрни, роли ҳамда нуфузини оширишда “Энг намунали маҳалла раиси” танлови муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.    

[gallery-16355]

Ҳақиқатдан ҳам маҳалла раиси бой ҳаётий тажрибага эга, аҳоли ўртасида катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган, билимдон, адолатли, маҳалла аҳлини эзгу ишларга эргаштира олишдек юксак фазилатлар соҳиби бўлиши муҳимдир. Бўлиб ўтган танлов жараёнида маҳалла раисларининг ана шу жиҳатларига, шунингдек, уларнинг маҳалладаги муаммоларни бартараф этиш, қонунчиликдаги соҳага ва фаолиятига оид ҳужжатлардан қай даражада хабардорлиги, ташкилотчи ҳамда ташаббускорлиги, умуман, турли йўналишлар бўйича маҳалланинг ижобий кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратилди.  

Якуний натижаларига кўра, Хонобод шаҳридаги "Янги ҳаёт" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Азизахон Абдуқаҳҳорова биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.  

– Маҳалламиздаги мингдан ортиқ хонадонда 3 минг 500  нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди танлов ғолибаси Азизахон Абдуқаҳҳорова. – Маҳалла туризм ва саноат соҳасига ихтисослашган. Ҳудудда иккита замонавий дам олиш маскани, йирик ишлаб чиқариш корхоналари самарали ишламоқда. Бундан ташқари, ўндан ортиқ  меҳмон уй, йигирмага яқин савдо дўкони, сартарошхона, хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда. Уларда асосан маҳалла аҳолиси, ёшлари иш билан банд. Умуман, белгиланган барча йўналишлардаги ишларни намунали ташкил этганмиз, айниқса, “маҳалла еттилиги”нинг ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган.  

Танловда ғолиб бўлганлигим, бу нафақат менинг, балки “маҳалла еттилиги”, фаоллари, умуман, маҳалла аҳли томонидан олиб борилган ишларнинг самарасидир. Насиб этса, танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, ғолиблар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламан.    

Танловда иккинчи ўринга Марҳамат туманидаги Дукчи Эшон маҳалласи раиси Абдумухтор Давлатов, учинчи ўринга Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласи раиси Нафосат Маҳкамова сазовор бўлди.  

Ғолиб, совриндор ва барча иштирокчилар танлов ташкилотчилари томонидан пул мукофоти, эсдалик совғалар билан тақдирланди.  

 

Ф. Убайдуллаев,  

З.Умрзоқов (сурат),  

ЎзА мухбирлари