Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижоннинг ахборот технологиялари борасидаги салоҳияти АҚШда тақдим этилди
16:24 / 2025-09-04

Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда етакчи давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш асосий устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда Рақамли технологиялар вазирлиги делегациясининг АҚШга ташрифи доирасида бир қатор самарали учрашув ва тадбирлар ўтказилди.

Ташрифнинг асосий мақсади Америка компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон ҳудудлари, хусусан, Андижон вилоятининг инвестицион салоҳияти ва АТ инфратузилмасини таништириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишдан иборат бўлди.

Делегация Нью-Йоркда АТ компаниялари ва бизнес ассоциациялари раҳбарлари билан учрашиб, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, стартапларни халқаро бозорга олиб чиқиш, сунъий интеллект ва рақамли таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Филадельфияда АТ ва логистика соҳаларида фаолият юритаётган компаниялар билан бўлиб ўтган учрашувларда Ўзбекистонда, жумладан, Андижон вилоятида, бизнес юритиш имкониятлари, IT Park резидентлиги, Zero Risk дастури, инфратузилма, ёшлар салоҳияти ва хорижий инвесторлар учун имтиёзлар ҳақида батафсил тақдимот қилинди.

Флорида штатида эса делегация логистика ва транспорт компаниялари билан учрашиб, BPO хизматларининг янги йўналишларини Ўзбекистонга олиб кириш ва янги тармоқларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама этди.

Ташриф давомида делегация томонидан бир қатор ташаббуслар илгари сурилди ва икки томонлама ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Якунда АТ ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Андижон вилоятида бизнес муҳитини такомиллаштириш ва инвестицион имкониятларни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

Мазкур ташриф АҚШ компаниялари учун Ўзбекистоннинг АТ ва логистика соҳаларида яратилган қулай шароитлар билан яқиндан танишиш ва истиқболли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим қадамлардан бири бўлди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА