Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонликлар хашарда фаол иштирок этмоқда
13:41 / 2019-08-17

Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами олдидан ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари Андижон вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ўтмоқда.


Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами олдидан ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашари Андижон вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ўтмоқда. 

Ҳашар давомида маҳалла ҳудудларини, гузарлар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишдек хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

– Халқимизнинг ўлмас қадриятларидан бири бўлган хайрия ҳашари вилоятнинг ҳар бир гўшаси орасталигини таъминлаш, халқимизнинг кексалар, етим-есирлар ва ногиронларга меҳр-мурувват кўрсатишдек азалий қадриятлари давомийлигининг ёрқин намунаси бўлмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Улуғбек Абдуллаев. – Икки кун давомида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Зиёратгоҳ ва қабристонлар тозаланади, вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилади. Шунингдек, ногирон, ёлғиз яшовчи кексаларга моддий ёрдам кўрсатилади.

Ҳашарда ҳудуд аҳолиси, туман, шаҳар, вилоят ҳокимларигача фаол иштирок этаётгани эътиборга молик. Жумладан, Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев эрталабдан Хонобод шаҳридаги Фозилмон, Истиқлол, Юксалиш маҳаллаларидаги ободонлаштириш ишларида қатнашди.

– Ҳашар халқимизнинг қадим ва ўзига хос қадриятларидан бири, – дейди Хонобод шаҳар ҳокими М.Мамадалиев. – Шу боис ҳам ушбу тадбирда каттаю кичик бирдек фаол иштирок этмоқда. Ҳашарда байрам тантаналарига муносиб ҳозирлик кўриш, юртдошларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга кўмак бериш, юртни обод қилишдек эзгу саъйи-ҳаракатлар ўз ифодасини топмоқда.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, 1 минг 220 гектардан зиёд ер майдони ободонлаштирилди. 579 километрга яқин ариқлар тозаланди, 651 тонна чиқинди чиқариб ташланди. Бу ишларни бажариш учун 312 та турли техника воситалари жалб этилди. Бундан ташқари, 306 зиёратгоҳ ва қабристон тозаланади. Вилоят бўйича 220 оиланинг 4 минг 786 квадрат метр ҳажмдаги уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланмоқда. Шунингдек, 401 та эҳтиёжманд оилага, 308 нафар ногирон ва ёлғиз кексаларга 171 миллион 636 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Хайрия ҳашари уюшқоқлик ва аҳолининг фаол иштирокида давом этмоқда.