Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида бўлгани каби адабиёт, бадиий ижод, маънавият соҳаларида ҳам туб ўзгаришлар, янгиланишлар юз бермоқда.
Тараққиёт сари дадил одимлаб бораётган Янги Ўзбекистонда мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган бош ғоя асосида инсон қадрини улуғлаш, мустақиллик улуғ ва бебаҳо неъмат эканлигини тараннум этиш адабиёт аҳли, ижодкорлар ижодининг бош мавзусига айланди.
Адабиёт миллатни, миллатнинг руҳини, маънавияти ва тафаккурини кўтарувчи, инсоннинг ўзлигини англашга кўмак берувчи муҳим восита. Бу жараёнда адабиётнинг, адабиёт фидойилари – ижод аҳлининг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Буни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими фаолияти, андижонлик ижодкорларнинг самарали ижодий фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
– Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бўлимимиз самарали фаолият олиб борди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи. – Хусусан, турли муҳим саналар, таниқли ёзувчи ва шоирларнинг таваллуд кунлари, китобхонлик ҳафталиги муносабати билан, шунингдек, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилган “Умуммиллий бирдамлик” фестивали лойиҳалари, мустақиллик байрами олдидан ўтказилган тарғибот тадбирлари доирасида 250 дан зиёд маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, китоблар тақдимотлари, давра суҳбатлари ўтказилди.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг қатор қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор ва фармойишларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича кўплаб тадбирлар ташкил этилди.
Президентимизнинг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоят кутубхонаси, олий ўқув юртлари, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби, умумтаълим мактаблари, ҳарбий қисмларда адабий, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Хуршида Ваҳобжон қизи, Фарид Усмон, Камчибек Кенжа, Ҳабиб, Сиддиқ, Восит Аҳмад, Ҳалим Карим, адабиётшунос олимлар, ижодкор ёшлар, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида вилоят ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорликда “Беҳбудийнинг маънавий мероси” мавзусида намойиш этилган кўргазма орқали Беҳбудий асарлари, ҳаёти ва ижоди кенг тарғиб этилди.
Бундан ташқари, “Беҳбудий – жадидчилик ҳаракати асосчиси”, «Маҳмудхўжа Беҳбудий – миллий маърифат раҳнамоси” мавзуларида ўтказилган тадбирларда улуғ адиб қолдирган маърифий-адабий мерос, унинг бугунги кундаги аҳамияти, адибнинг ибратли, лекин мураккаб ҳаёт йўли ҳақида кенг маълумотлар берилди. Айниқса, Муҳаммад Юсуф номли ижод мактабида ўтказилган иншолар танловида ўқувчилар Беҳбудий ҳаёти ва ижодига оид билимларини синовдан ўтказди.
Шунингдек, бўлим ташаббуси билан вилоят ахборот-кутубхона марказида "Ёшлар" клуби аъзолари, ижодкорлар, китобхонлар иштирокида марҳум, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Шуҳрат" медали соҳиби Луқмон Бўрихон таваллудининг 60 йиллигига бағишланган давра суҳбати, шунингдек, Андижон шаҳридаги 5- ва 14-умумтаълим мактабларида ўтказилган тадбирларда Луқмон Бўрихон ҳаёти ва ижоди ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Андижон шаҳридаги Президент мактабида Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек тавалудининг 120 йиллиги муносабати билан ўтказилган давра суҳбати ҳам иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Уюшма вилоят бўлими ташаббуси билан халқимизнинг икки улуғ даҳоси – улуғ мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги, шоҳ ва шоир, қомусий олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбир ва ижодий учрашувлар Андижонда ҳақиқий адабиёт, шеърият байрамига айланди.
Андижон давлат университетида Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишланиб “Навоий буюк мутаффаккир, буюк ижодкор” мавзусида ўтказилган асосий тадбир, Қўқон университети Андижон филиалида ташкил этилган тўрт жилдлик «Алишер Навоий энциклопедияси»нинг тақдимоти адабиёт, Навоий ижоди тарғиботига бағишланди.
Жорий йил февраль ойи Андижонда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ойлиги” деб эълон қилинди. Ойлик доирасида вилоятдаги ташкилот, муассаса, ўқув юртларида кенг миқёсда адабий, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, мушоира ва челенжлар ўтказилди.
– Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан вилоят марказидаги Бобур майдонида ўтказилган тадбир ҳақиқий адабиёт байрамига айланди, – дейди Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи. – Вилоят ҳокимлиги, уюшма вилоят бўлими, Бобур номидаги халқаро жамоат фонда ҳамкорлигида ташкил этган тадбирда нафақат мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, балки Туркия, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларидан келган бобуршунослар қатнашди.
«Бобуршуносликнинг янги уфқлари: муаммо ва ечимлар» мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда туркиялик профессор Танжу Арал Сейҳан, Боку университети профессори Алмаз Улви Биннатова, Олмаота университети профессори Ислам Жеменей сингари таниқли бобуршунос олимлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 71 йиллиги муносабати билан вилоятдаги таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида, шунингдек, Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф хиёбонида ўтказилган тадбирларда ёзувчи ва шоирлар, юртдошларимиз, ёшлар фаол иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “Бобур издошлари”, “Муҳаммад Юсуф издошлари”, “Уммон”, “Ёғду”, “Ёш адиблар”, “Ёш публицистлар”, “Андижон оқшомлари”, “Ниҳол” тўгараклари машғулотларида ёшлар, тўгарак аъзолари ижод сирларини пухта ўрганиб келмоқда.
Бўлим ташаббуси билан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг адабиётга, китобга бўлган меҳрини, китобхонликни тарғиб этиш бўйича ҳам салмоқли ишлар олиб борилди. Айниқса, болажонларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказишларига кўмаклашиш мақсадида вилоятдаги ўндан ортиқ болалар ёзги оромгоҳларида “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари", Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган "Долзарб 90 кун" лойиҳалари доирасида кўплаб адабий ва шеърхонлик кечалари, мушоиралар ўтказилди.
Тадбирларда уюшма аъзолари Фарид Усмон, Восит Аҳмад, Барно Солиева, Шаҳло Ҳамидова, Аваз Абдусалом сингари кўплаб ижодкорлар иштирок этиб, бадиий ижод, китобхонлик, китоб мутолааси хусусида фикр-мулоҳазалар билдирди.
Болажонларга ўз китобларидан совға қилиб, уларнинг мурғак қалбларида адабиётга меҳр уйғотди, бадиий ижодга бўлган қизиқишларини оширди.
Жорий йилда Андижонда яшаб, ижод қилаётган ижодкорлар Мўмин Саттор, Зиё Нажмий, Орифжон Мелиев, Нажмиддин Икромий, Аваз Абдусалом, Баҳодир Ҳожиматов, Режабали Камолзода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.
Ўтаётган йил андижонлик ижодкорлар учун ижод борасида сермаҳсул йиллардан бири бўлмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида андижонлик уюшма аъзолари ва ижодкорларнинг қатор янги китоблари нашр этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари – Хуршида Ваҳобжон қизининг “Ватан меҳри”, таниқли адиб, “Дўстлик ордени соҳиби Фарид Усмоннинг "Тарихий эсселар", “Моҳларойим”, “Навоий туғилган жой”, “Бобур туғилган юрт”, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Қамчибек Кенжанинг “Бобур ва Машраб”, “Бир кўнгилда икки муҳаббат”, ёзувчи Асадуллоҳ (Асадулло Мирзаакбаров)нинг "Умидбахш туйғулар", Аваз Абдусаломнинг “Умр карвони”, “Мовий туғ”, адабиётшунос олим Абдураҳмон Пиримқуловнинг “Ёнимиздаги ёзувчи”, ижодкор Абдусалом Исақовнинг “Мастура”, “Шуҳрат” медали соҳибаси, шоира Замира Рўзиеванинг “Кул босган чўғлар”, шоира ва адиба Мунаввара Тиллабоеванинг “Сайланма”, “Шуҳрат” медали соҳиби Ҳабаб Сидиқнинг “Ватандан айро бахт йўқ”, таниқли публицист Маҳмуд Ибо (Маҳмуджон Ибоев)нинг "Tинмасин, ҳеч қачон ҳаёт", шоира Рўзихон Иминованинг “Уммон мавжлари”, адиб Одилжон Нишоновнинг “Муҳаммад Юсуф”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, шоир Толибжон Юсуфжоновнинг "Қўшиғимда яшайман", шоира Барнохон Шерали қизи (Ҳайдарова)нинг «Орзулар тонги», ижодкор Маъмурахон Бозорованинг “Қалбим нидоси”, ёзувчи, публицист Тўлқин Сиддиқнинг "Яхшилик қил, дарёга ташла" номли янги китоблари чоп этилди. Шунингдек, "Бобур издошлари" адабий тўгараги аъзоси, Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқувчиси Меҳриддин Собиржоновнинг “Соғинч шаҳри” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида нашрдан чиқди.
Чоп этилган янги китобларда тарихимиз, буюк алломаларимиз ҳаёти ва ижоди, миллий қадриятларимиз, юксак инсоний туйғулар, Ватанга муҳаббат, истиқлол шукуҳи, мустақиллик неъмати, юртимиздаги бунёдкорлик жараёнлари, замондошларимизнинг ибратли ишлари, халқимиз маънавияти, шууридаги ўзгаришлар тараннум этилади.
– Ватанни тараннум этмоқлик улуғ бахт, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарид Усмон. – Тарихга назар ташласак, Чўлпону Қодирий, Усмон Носир сингари не-не ижодкорлар Ватан ҳақида эмин-эркин сўз айтолмай, дилидаги туғёнларни баён этолмай, минг бир армонлар билан ўтиб кетганликларининг гувоҳи бўламиз. Бугун озод ва обод юртимиз ижодкорларига кенг имкониятлар эшиги очиб берилган, қолаверса, Ватанни тараннум этишдек улуғ бахтни ҳис этган ижод аҳли юрт, мустақиллик, улуғ аждодларимиз ҳақида янги-янги асарлар яратиб халқимизга тақдим этмоқда. Бунинг учун яратганга чексиз шукрлар келтирамиз.
Таъкидлаш керакки, ижодкорларнинг яратган асарлари, меҳнатлари ўз эътирофини топаётганлиги ижод аҳлига кўрсатилаётган эътиборнинг намунасидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган "Энг улуғ, энг азиз" анъанавий кўрик-танловининг Андижон вилоят босқичида ҳам уюшма аъзоларининг қатор китоблари алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳабиб Сиддиқ публицистик мақолалар, эсселар, мушоҳадалар жамланган "Ватандан айро бахт йўқ” номли китоби учун "Энг яхши публицистик китоб" йўналишида биринчи ўринга муносиб кўрилди.
–Ушбу китобдан мустақиллик йилларида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий ҳаётидаги янгиланишлар, замондошларимиз, санъат, илм-фан, адабиётга оид қарашларим, мушоҳадаларим баён этилган мақолаларим, эсселарим жой олган, – дейди адиб Ҳабиб Сиддиқ. – Ижод намуналаримда юртдошларимиз, китобхонлар қалбида юртга муҳаббат ва садоқат, келажакка ишонч, мустақиллик, бугунги тинчлик, фаровонликнинг қадрига етиш, меҳр-оқибат туйғуларини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилганман.
Мустақиллик улуғ ва бебаҳо неъмат, унинг қадрига етган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, ҳамша ҳурмат ва эътибор топади.
Танловда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб Фарид Усмон "Тарихий эсселар", "Муҳаммад Шайбонийхон қисмати" китоблари учун "Ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асари" йўналиши номинациясида биринчи ўринга муносиб, деб топилди. Ушбу йўналишда шоира Хуршида Ваҳобжон қизи “Ватан меҳри” номли китоби учун иккинчи, шоир Аваз Абдусалом "Умр карвони" китоби учун учинчи ўринга сазовор бўлди.
[gallery-25157]
Мухтасар айтганда, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, андижонлик ижодкорлар мустақилликни тараннум этиш, юртдошларимиз, хусусан, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, миллий адабиётимиз тарғиботи ва бадиий етук асарлар яратиш ишларида фаол иштирок этмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА