Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон терма жамоаси сафида VII “Осиё болалари” халқаро спорт ўйинларида ғолиб бўлган андижонлик ёш спортчилар шарафланди.
Яқинда Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида VII “Осиё болалари” халқаро спорт ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида спортнинг қатор турлари бўйича 174 нафар ёш спортчи иштирок этди. Мусобақаларда терма жамоамиз вакиллари 41 та олтин, 28 та кумуш ва 45 та бронза, жами 114 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритди.
“Осиё болалари” халқаро спорт ўйинларида спортнинг таэквондо, эркин кураш, бокс, баскетбол, енгил атлетика, самбо, бадминтон турлари бўйича 11 нафар андижонлик ёш спортчи ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олди. Мусобақада андижонлик спортчилар 5 та олтин, 2 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритиб, мамлакатимиз терма жамоаси ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
[gallery-8269]
Мусобақада ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган андижонлик ёш спортчиларни тақдирлашга бағишланган тадбирда мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёш авлоднинг спорт билан шуғулланиши учун зарур барча шароитлар яратиб берилаётгани таъеидланди.
Ғолиб спортчиларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
- “Осиё болалари” халқаро спорт ўйинларида қўлга киритган олтин медалим юртимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик тўйига тўёнамдир, - дейди таэквондо бўйича мусобақа ғолибаси Зебинисо Ҳошимжонова. – Мен таэквондо бўйича ўз вазн тоифамда барча рақибларимни мағлубиятга учратиб, ўзбек қизлари спортда ҳам юксак натижаларга эриша олишини яна бир бор амалда кўрсатдим. Ютуқларимиз эътироф этилиб, бизга кўрсатилган эътибордан эса бошим кўкка етди. Бунинг учун Президентимизга, бутун халқимизга раҳмат айтаман. Келгусида яна кўплаб халқаро мусобақаларда ғолиб чиқиб, халқаро спорт майдонларида юртимиз шуҳратини янада юксакларга кўтаришга ҳаракат қиламан.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА