Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонлик йигитлар муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетди
17:46 / 2021-04-05

Андижонда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни ҳарбий хизматга кузатишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2021 йил 11 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни қуролли кучлар резервига бўшатиш тўғрисида"ги қарорига асосан, 600 нафардан зиёд андижонлик йигитлар ҳарбий хизматга кузатилди.  

Кузатув маросимида вилоят ҳокимлиги, мудофаа ишлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ҳарбий хизматчилар ва бўлажак аскарларнинг ота-оналари иштирок этди.  

Тадбирда сўз олган вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, подполковник Дониёрбек Пўлатов, мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши раиси Ўктамжон Охунов ва бошқалар томонидан ҳарбий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини ошириш, Ватан ҳимояси, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш ҳар бир йигит учун муқаддас бурч эканлиги, мамлакатимизда йигитларнинг ҳарбий хизматни ўташлари учун зарур барча шароитлар яратиб берилганлиги таъкидланди.

– Кейинги йилларда ҳарбий хизматга чақирилаётган йигитларни тантанали равишда кузатиш яхши анъанага айланди, – дейди вилоят ҳарбий фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Муталибжон Ҳолиқов. – Кузатиш маросимини мазмунли, бир умр эсда қоларли тарзда ўтказиш учун вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, шунингдек, шаҳар ва туманлар мудофаа ишлари бўлимлари томонидан чақирув пунктларида зарур шарт-шароитлар ва барча қулайликлар яратилган.

Кенг майдонда саф тортиб турган бўлажак аскарларнинг муддатли ҳарбий хизматни адо этишга бўлган иштиёқи, ғайрат-шижоати, жисмоний ва маънавий баркамоллиги кузатувчилар, ота-оналар қалбида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди. Айниқса, уларнинг аксарияти “Ватанпарвар” ташкилотининг спорт-техника клубларида таҳсил олиб, турли ҳарбий мутахассисликларни, маълум жанговар кўникмаларни эгаллаган ҳолда ҳарбий хизматга йўл олаётганликларини алоҳида эътироф этиш керак.

[gallery-1902]

– Эгнимга ҳарбий либос кийиб, Ватан ҳимоячиси бўлишни болалигимдан орзу қилганман, – дейди ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган Аҳрорбек Бозоров. – Бугун ана шу орзуим ушалганидан хурсандман. Мактабни тамомлаганимдан сўнг мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳайдовчилар тайёрлаш курсини тамомлаб, ҳарбий хизматга ҳар жиҳатдан тайёр бўлдим. Мақсадим, йигитлик бурчимни аъло даражада адо этиб, юртимга муносиб фарзанд бўлиш.

Кузатув тадбирида бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди. Бўлажак аскарларга хизмат жараёнида зарур бўладиган жиҳозлар тўпламидан иборат совғалар тақдим этилди.  

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА