Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонлик волейболчи ёшлар мамлакат кубоги соҳиби бўлди
14:45 / 2024-02-11

Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида волейбол бўйича 14 ёшгача ва ундан кичик ёшдаги ўғил болалар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубогида Андижон вилояти ёшлари 1-ўринни эгаллади. Бу билан Россияда ташкил этиладиган Ҳамдўстлик кубогида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бир ҳафта давом этган мамлакат кубоги баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 14 та жамоаси чемпионлик учун кураш олиб борди.  

Мусобақанинг саралаш беллашувларидан муваффақиятли ўтган Қашқадарё, Андижон, Сирдарё ва Тошкент вилояти жамоалари финалга етиб келди.  

Ярим финалда Тошкент вилояти спортчилари Сирдарё жамоасидан, андижонлик волейболчи ёшлар қашқадарёлик тенгқурларидан устун келди ва финалга йўл олди.

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани жамоаси сирдарёликларни 2:0 ҳисоби билан ортда қолдириб, учинчи ўринни қўлга киритди.  

Финал беллашувида ўзаро тўқнаш келган Андижон ва Тошкент вилояти жамоалари ўртасидаги ўйин шиддатли ва кескин қарама-қаршиликларга бой бўлди. Якунда андижонлик ёш волейболчилар 2:1 натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Водий жамоаси энди Россиянинг Новосибирск шаҳрида ўтадиган Ҳамдўстлик кубогида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

Кубок ўйинларида муносиб натижага эришган жамоалар медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Т. Рўзиев, ЎзА