Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш ва соҳада замонавий тизимларни жорий этишда илғор тажрибалар алмашинуви муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиалига Андижон вилояти Она ва бола маркази мутахассислари ташриф буюрдилар.

Ташриф давомида меҳмонлар Сирдарё вилоятида пилот тарзда амалга оширилаётган тиббий суғурта тизими билан яқиндан танишдилар. Хусусан, аёллар учун суғурта асосида бепул хизмат кўрсатиш, кафолатланган тиббий пакетлар қайси тоифадаги беморларга тааллуқли экани, шунингдек, статистика, кадрлар ва бухгалтерия бўлимларидаги иш жараёнлари уларда катта қизиқиш уйғотди.

– Суғурта тизимининг жорий этилиши тиббий хизматларнинг шаффоф ва сифатли бўлишида муҳим қадам ҳисобланади, – дейди филиал директори, 1-тоифали акушер-гинеколог Шаҳло Хожаева. – Андижонлик ҳамкасбларимизнинг бу йўналишга қизиқиши, уларнинг ўзаро мулоқот ва фикр алмашуви биз учун ҳам фойдали бўлди. Бундай ҳамкорлик орқали тажриба билан бирга янги ғоялар, амалий ечимлар ҳам юзага келади.


Мутахассислар ташриф давомида турли йўналишлардаги амалиётларни кўздан кечириб, сирдарёлик ҳамкасблари билан тажриба алмашдилар. Бу эса икки вилоят тиббиёт муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш ва суғурта тизимини такомиллаштиришда муҳим омил сифатида қайд этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири