Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонлик педагоглар аттестациядан ўтмоқда
22:47 / 2024-04-15

Андижон вилояти Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида умумий ўрта, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагогларини аттестациядан ўтказиш бўйича тест синовлари бўлиб ўтмоқда.

Аттестация жараёни очилишига бағишлаб ўтказилган тадбирда сўз олган Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Расулжон Каримов, фахрий устоз, Ўзбекистон Қаҳрамони Камолиддин Ғопиров ва бошқалар томонидан мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юқори самаралар бераётганлиги, хусусан, ўтказилаётган аттестация педагогларнинг билимларини баҳолаш билан бирга, уларни моддий қўллаб-қувватлаш, даромадларини ошириш учун берилаётган имконият эканлиги таъкидланди. 

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, аттестация жараёнлари жорий йилнинг 15 апрелидан 22 майига қадар ўтказилиши белгиланган, - дейди Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг Педагогларнинг билим ва малакасини баҳолаш шуъбаси бош методисти Муҳаммадшукур Мамашокиров. – Аттестация синовларига бир кунда 600 нафар педагог жалб этилади. Синовларнинг юқори савияда ўтказилиши учун зарур барча шароит яратилган. 

[gallery-16940]

Аттестациянинг биринчи кунида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг информатика фани ўқитувчилари ўз билимларини синовдан ўтказди. 

– Аттестация ўқитувчини ўз устида тинимсиз ишлашга, билимларини мунтазам бойитиб боришга ундовчи муҳим тадбирлардан ҳисобланади, - дейди Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Балиқчи тумани ихтисослашган таълим мактаби информатика фани ўқитувчиси Асомиддин Сирожиддинов. – Жумладан, мен ҳам очиқ-ошкора, шаффоф тарзда ташкил этилган аттестация орқали билимларимни яна бир бор синовдан ўтказдим, энг муҳими, аттестациядан муваффақиятли ўтдим. 

Жорий йил 22 майга қадар давом этадиган аттестацияда Андижон вилоятидаги 12 минг 837 нафар педагогнинг иштирок этиши кўзда тутилган. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари