Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонлик гимнастикачи қизлар ғолиб
13:48 / 2023-05-09

Андижон шаҳрида 4 ёшдан 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Андижон шаҳар ҳокими кубоги учун бадиий гимнастика бўйича мусобақа бўлиб ўтди.

9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланиб, бадиий гимнастикани ривожлантириш, қизлар ўртасида унинг оммавийлигини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида Андижон шаҳар Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика спорт турларига ихтисослашган спорт мактабида ўтказилган мусобақада Қорақолпағистон Республикаси, шунингдек, мамлакатимиз вилоятлари жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳслашди.  

[gallery-11811]

– Мусобақаларда жамоалар таркибида турли ёш тоифалари бўйича  минг нафарга яқин ҳаваскор ва спортчи гимнастикачи қизлар иштирок этиб, ўз иқтидор ва маҳоратини намойиш этди, – дейди турнир бош ҳаками, Андижон шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бадиий гимнастика бўйича мураббий Мухсина Фозилжонова. – Иштирокчилар ниҳоятда чиройли чиқишлари билан спортнинг нафис тури ҳисобланган бадиий гимнастиканинг ўзига хос, нозик жиҳатлари, техникасини пухта ўзлаштириб олганликларини кўрсата олди. Юртимизда маҳоратли гимнастикачи қизлар сафи тобора ортиб бораётганлиги қувонарлидир.  

Қизиқарли ўтган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Андижон вилояти жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Тошкент шаҳар жамоаси иккинчи, наманганлик бадиий гимнастикачи қизлар учинчи ўринни эгаллади.  

Турнир ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, турли номинациялар бўйича энг яхши деб топилган иштирокчилар диплом, тегишли медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,  

З. УМРЗОҚОВ (фото),  

ЎзА