Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонлик гимнастикачи қизлар ғолиб бўлди
16:17 / 2025-10-07

Андижонда “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида бадиий гимнастика бўйича “Андижон вилояти ҳокими кубоги” учун мусобақа бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда хотин-қизлар спортини, хусусан, қизлар ўртасида спортнинг бадиий гимнастика турини оммалаштириш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Спортнинг ушбу тури билан қизлар мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилган. Айниқса, турли мусобақаларнинг ўтказилиши бадиий гимнастика билан шуғулланаётган қизларнинг ўз иқтидор ва маҳоратларини тўлақонли намоён этишларига кенг имкон бермоқда. 

Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят спорт бошқармаси, бадиий гимнастика федерацияси ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги универсал спорт мажмуасида ташкил этилган вилоят ҳокими кубоги мусобақасида республикамиз вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан 2006-2021 йилларда туғилган 800 нафарга яқин гимнастикачи қизлар иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

 – Иштирокчилар якка ва жамоавий чиқишлар орқали ўз маҳоратларини намойиш этди, – дейди мусобақа бош ҳаками Мухсина Фозилжонова. – Қатнашчилар чиройли чиқишлари билан спортнинг нафис тури ҳисобланган бадиий гимнастиканинг ўзига хос нозик жиҳатлари, техникасини пухта ўзлаштириб олганликларини кўрсата олди. 

Қизиқарли ва байрамона руҳда ўтган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Андижон вилояти ёш гимнастикачи қизлари биринчи ўринни эгаллаб, вилоят ҳокими кубогини қўлга киритди. 

Мусобақада иккинчи ўрин Тошкент вилояти, учинчи ўрин эса Самарқанд вилояти жамоаларига насиб этди. 

Турнир ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, фаол иштирокчилар турли номинациялар бўйича ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, мусобақанинг тақдирлаш маросими доирасида Андижон вилоятида бадиий гимнастика ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ мураббийлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари