Андижонда Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирлар ва галаконцерт ёшларга хуш ва байрамона кайфият улашди.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшларни байрам билан муборакбод этиб, мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, юртимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Бугун Андижон вилояти аҳолисининг 55 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бутун мамлакатда бўлгани каби вилоятда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 февралдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Андижонда ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими ташаббуси билан Ёшлар иттифоқи ва бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида, айниқса, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, бандлигини таъминлаш борасида ибратли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишда ўзига хос самарали тизим яратилди.
Кейинги икки йил ичида вилоятдаги 882 та маҳаллада ҳеч қандай фаолият билан шуғулланмай келаётгани 18-30 ёшдаги ёшлар аниқланиб, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича манзилли ишлар ташкил этилди.
Аниқ ва режали тизим асосида амалга оширилган ишлар натижасида уюшмаган ёшларнинг бандлиги уларнинг ўз хоҳиш ва истакларидан келиб чиқиб таъминланди. Жумладан, бандлиги таъминланган ёшлар тикувчилик ва текстил, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида, шунингдек, давлат корхоналари ҳамда хусусий секторда самарали фаолият юритмоқда.
Вилоятда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоят ҳокимлиги, ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан ёшларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида кўплаб семинар-тренинглар, бизнесни бошқариш ва ривожлантириш мавзуларида ўқув йиғинлари ташкил этилди.
Байрам тадбирида илм-фан, тадбиркорлик, санъат, спорт каби қатор йўналишларда юқори натижаларга эришиб, тенгдошларига намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ фаол ёшлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шундан сўнг Андижон ёшлари симфоник оркестри жамоаси томонидан жонли ижро этилган куй ва қўшиқлар, таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги галаконцерт ёшларга хуш кайфият улашди.
[gallery-2964]
Ф.Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА