Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳукуматлараро ҳамкорлик комиссиясининг қўшма йиғилиши қарорига асосан, Қирғизистон Республикасига 10 минг дона мева кўчатлари юборилди.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари, қирғизистонлик меҳмонлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида кўчатларни юбориш олдидан ўтказилган тадбирда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида турли соҳаларда, хусусан, қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди.
Биргина 2020 йилнинг ўзида Ўзбекистондан Қирғизистон Республикасига умумий қиймати 243,7 миллион АҚШ долларига тенг 142,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Экспорт қилинган маҳсулотларнинг салмоқли қисмини гилос, шафтоли, ўрик, қовун, помидор, бодринг, бодом ташкил этди.
[gallery-1980]
Қирғизистон Республикаси Президентининг жорий йил март ойида мамлакатимизга ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш бўйича келишувлар имзоланган. Ана шу келишувлар, қолаверса, икки давлат ҳукуматлараро ҳамкорлик комиссиясининг қўшма йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида қўшни Қирғизистон Республикасига юборилган мева кўчатлари ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– “Ўзбекистон халқидан Қирғизистон халқига Дўстлик боғи учун мевали кўчатлар” шиори остида хўжалигимиз дала майдонларида етиштирилган 5 минг туп гилос, 2 минг туп олма ва 3 минг туп ўрик, жами 10 минг туп кўчат юборилди, – дейди академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтининг Андижон илмий тажриба станцияси директори Шуҳратбек Тошбоев. – Дўстлик боғи учун юборилган турли навлардаги кўчатларимизнинг барчаси сифатли, насиб этса кейинги йилдан мевага киради.
Қирғизистонлик мутахассисларга юборилаётган мева кўчатларини экиш, парваришлаш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
– Ўзбек халқининг ушбу туҳфасидан беҳад хурсандмиз, – дейди Ўш области Қорасув райони қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Қувончбек Мамедов. – Кўчатлар асосан, Қорасув, Ўзган, умуман, Ўш вилоятидаги қатор районлар ҳудудларига экилиши кўзда тутилган. Ишонаманки, ушбу ниҳоллар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлигимизга дебоча бўлади.
Қўшни давлатга юборилган мева кўчатлари ўсимликлар карантин инспекцияси мутахассислари томонидан тегишли тартибда кўрикдан ўтказилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА