Андижондаги халқаро турнир теннисчиларимиз учун муваффақиятли ўтмоқда
Андижон кортларида “J60” таснифидаги халқаро теннис турнирининг жуфтлик баҳсларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди.
Нуфузли мусобақанинг ўғил болалар ўртасидаги финал беллашуви ўзбек дербиси остида ўтди. Аниқроғи, Нуриддин Бахтиёров ва Абдулазиз Усмонжонов тандеми Акмал Абдуллаев ва Данила Квасов дуэтига қарши кортга чиқди. Унда Нуриддин ва Абдулазиз 6:4, 6:3 ҳисобида зафар қучиб, бош совринни қўга киритди.
Қизлар орасида ҳамюртимиз Шаҳзода Ортиқбоева нейтрал теннисчи Мария Маслиакова билан жуфлик ҳосил қилиб, қозоғистонлик Аия Мурзакулова ҳамда нейтрал теннисчи Радмила Раҳматуллинани 7:5, 6:3 ҳисобида енгди ва мусобақа ғолибига айланди.
Дарвоқе, Абдулазиз Усмонжонов яккалик баҳсларининг финал босқичига чиқди ҳамда нейтрал теннисчи Александер Куницинга қарши ўйин ўтказадиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА