Андижонда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги “Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, яъни маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий спорт ўйинлари ва спорт турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида маҳалла ёшларидан тузилган жамоалар ўртасида спорт мусобақалари, шунингдек, “Заковат”, “Зукко китобхон”, “Мунозара” интеллектуал ўйинлари, “Қувноқлар ва зукколар”, “Ёш китобхон оила”, “Мушоира” кўрик-танловлари ўтказилмоқда.
[gallery-7655]
Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, билим ва дунёқарашини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, мазкур йўналишдаги ишларни маҳалла ёшлари ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида Андижон шаҳридаги “Ёшлар маркази” да ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят босқичида 16 та маҳалла жамоаси иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳслашди.
– “Заковат” интеллектуал ўйинида ёшларимиз фаол иштирок этди, – дейди “Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Назира Убайдуллаева. – Жумладан, вилоятдаги 887 та маҳаллада ўтказилган дастлабки босқичларда 6 минг 300 нафарга яқин ёшлар иштирок этиб, ўзларининг билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди.
Қизиқарли ва муросасиз баҳслар асосида ўтган “Заковат” ўйини вилоят босқичининг якуний натижаларига кўра, Марҳамат туманидаги Турон маҳалласи жамоаси 1-ўринни, Андижон туманидаги Кенгаш маҳалласи жамоаси 2-ўринни ҳамда Қўрғонтепа туманидаги Тадбиркор маҳалласи жамоаси 3-ўринни эгаллаб, республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
“Заковат”нинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА.