Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Андижонда ёшлар форуми
17:15 / 2024-02-01

Андижонда Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили муносабати билан ёшлар форуми бўлиб ўтмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда қатор ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида жорий йилда ёшларга яратиладиган кенг имконият ва шарт-шароитлар, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ёшларнинг хабардорлигини ошириш, шунингдек, уларнинг қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, тинчликка шукроналик, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳисси билан яшаш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган форум доирасида вилоятдаги таълим муассасаларида ўқувчи- ёшлар, талабалар, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирокида қатор маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилмоқда.

Форум тадбирлари Андижон шаҳридаги Президент мактабида “Ҳоким ва сардорлар” учрашуви билан бошланди. Учрашувда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятдаги умумтаълим мактаблари “Иттифоқ” ва “Камалак” ташкилотлари сардорлари билан мулоқот ўтказди. 

Мулоқотда вилоят ҳокими мамлакатимизда ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаш, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидлади, сардорларнинг таклиф, ташаббус ва ғояларини тинглади. Ёшлар томонидан билдирилган муаммоларга ечим топиш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича масъул ташкилот ва идора раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берди. 

Форум доирасида чекка ҳудудларда яшаётган ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида Балиқчи туманидаги “Вебкинг” ўқув марказида “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси координаторларининг лойиҳада иштирок этаётган ёшлар билан учрашуви ташкил этилди.

[gallery-15738]

Учрашувда “Ибрат академиги” мобиль иловаси орқали ёшларга хорижий тилларни онлайн ўргатиб келаётган Рустам Қориев, Феруза Уралова, Замира Турганбоева ёшларга хорижий тилларни билишнинг инсон ҳаёти ва камолотидаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирди, хорижий тилларни ўрганиш бўйича тренинг машғулотлари ўтказилди.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий касбга бўлган қизиқишини ошириш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини намойиш этиш мақсадида Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. 

Ҳарбий қисмга ташриф буюрган устоз ва ўқувчиларга мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди.

Ўқувчи -ёшлар ҳарбий қисмда аскарларнинг яшаш шароитлари, ҳарбий тайёргарлик бўйича машғулотлар жараёнлари билан танишди. Ўзаро мулоқотларда аскарлар ёшларга ҳарбий касб масъулияти, машаққати ҳамда Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги ҳақида гапирди.

Хўжаобод туманидаги ҳарбий дала ўқув майдонида Балиқчи ва Булоқбоши туманларида яшовчи, профилактик ҳисобда турувчи, жиноятчиликка мойиллиги бор ёшлар иштирокида ҳарбий машғулотлар ташкил этилди.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг китобхонлик маданиятини ошириш ва китобхон ёшлар сафини кенгайтириш мақсадида Андижон давлат универистетида ёзувчи Жавлон Жовлиев асари асосида суратга олинган “Қўрқма” қисқаа метражли фильми намойиши этилди. Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлигининг “Мутолаа” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот тадбирида маҳалла ёшлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди. 

–Талабанинг энг яқин дўсти, ҳамроҳи ва кўмакчиси китобдир, – дейди Андижон давлат университети филология факультети талабаси Дилафзода Фозилжонова. – Шу боис ҳам “Мутолаа” лойиҳаси талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Мен каби жуда кўп талабалар ушбу лойиҳада фаол иштирок этишга аҳд қилдик. Қолаверса, ушбу лойиҳа китобхон ёшлар сафини кенгайтириш, мутолаа маданиятини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Андижон шаҳар Абу Али Ибн Сино номидаги жамоатчилик тиббиёт техникумида профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида Ёшлар ишлари агентлиги кубоги учун “Заковат” интеллектуал беллашуви ўтказилди. 

Жамоалар таркибида 400 нафар ўқувчи- ёш иштирок этган интеллектуал беллашув қизғин баҳсларга бой бўлди. Иштирокчилар билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказди.

Маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар, олий таълим муассаасалари талабалари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун Андижон вилояти Ёшлар театрида Чўлпоннинг “Кундузсиз тунлар” асари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиши ўтказилди.

– Халқимиз ҳаётининг ўтмишдаги оғир даврларини акс эттирган “Кундузсиз тунлар” спектакли мен каби кўплаб ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди, – дейди Андижон шаҳридаги 11- умумтаълим мактаби ўқувчиси Латофатой Тожиматова. – Спектакль биз ёшлар қалбида тарихимизга, улуғ аждодларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлади. 

Қизларни оммавий спорт турларига жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида қизлар ўртасида “Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги” учун волейбол мусобақалари ўтказилди. Мазкур мусобақаларга маҳаллаларда истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган 2 минг нафардан зиёд хотин-қиз қамраб олинди.

Форумнинг биринчи кунида ўтказилган тадбирларнинг фаол иштирокчилари, танлов ва беллашувлар, спорт мусобақлари ғолиб ва совриндорлари муносиб рағбатлантирилди. 

Вилоятда ёшлар форуми доирасидаги тадбирлар давом этмоқда. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари